Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди

28 ноябрь 2023 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда вазирлик раҳбарияти, масъул мутахассислари, вазирлик ҳузуридаги агентликлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида вазирлик масъуллари томонидан соҳада коррупцияга оид қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш борасида вазирлик томонидан олиб борилган ишлар ҳақида ҳисобот берилди.

Тадбир давомида вазирлик марказий аппарати, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида ички локал ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳамда ушбу ҳужжатлар ходимлар фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймасликни ўзида акс эттирган – коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ўзида жамлаганлиги, шунингдек, вазирликда Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун барча турдаги алоқа каналлари («Ишонч телефони», электрон почта манзиллари, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифалар) «Вазирга мурожаат» портали иш фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳақида маълум қилинди.

Шунингдек, вазирлик тизимидаги ходимлар томонидан содир этилган коррупцион ҳолатлар таҳлил этилганда, ушбу кўрсатгичлар 2022 йилда 191 нафарни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб 116 нафарни ташкил этганлиги, тизимда манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва маълумотларни ошкор қилиш мақсадида, 2023 йилнинг ўтган тўққиз ойида 177 нафар ходим бўйича тўлдирилган декларациялар текширилганлиги, коррупцияга қарши қоидалар шартномаларга киритилган бўлиб, ўрганиш натижалари бўйича вазирликда 6 та ҳолатда давлат харидлари бекор қилиниб, масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилганлиги, мактабгача ва мактаб таълими соҳасига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича ўтказилган 4 та назорат ва мониторинг тадбирларида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар бўйича 5 нафар ходимга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланиб, бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишнинг олди олинганлиги каби рақамлар очиқланди.

Вазирлик вакиллари томонидан тизимда содир этилган коррупцион ҳолатлар таҳлил қилиниб, ноқонуний ҳолатларни камайтириш мақсадида, соҳада пора олиш ҳамда пора бериш хавфларини юзага келиш сабаб ва шарт-шароитларини олдини олиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юборилганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, тизимда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни тартибга солиш мақсадида, ижтимоий тармоқларда аноним сўровнома ўтказилиб, унда  иштирок этган 37 600 нафар фуқародан 2 372 нафари (респондент) сўровномани тўлдирганлиги ҳамда сўров натижаларида кўра олинган маълумотлар фаолиятнинг барча соҳаларида коррупциянинг турли кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимларда ҳуқуқий онг ва маданиятни янада ошириш бўйича фаол ишларни олиб бориш мақсад қилинганлиги маълум қилинди.

 

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu