ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ БАРЧА ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРГА ТИЗИМНИ МАЛАКАЛИ ХОДИМЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ, НАТИЖА КЎРСАТМАЙДИГАНЛАРГА ЧОРА КЎРИШ, БАРЧА ВАКАНЦИЯЛАРНИ ISH.UZEDU.UZГА ЖОЙЛАБ БОРИШ БЎЙИЧА ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРДИ

3 февраль 2021 йил
image

Маълумки, халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларни малакали кадрлар билан таъминлаш, бўш иш ўринларига номзодларни танлашда замонавий тизимни яратиш, фидойи ходимларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётган бўлсада, жойларда ушбу соҳада ҳали ҳамон муаммолар мавжуд.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларига ўтказилаётган танлов жараёнида меритократия тамойилига, яъни қобилиятли ходимларни саралаб олиш, уларни хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ишдан бўшатишда адолат тамойилига амал қилиш бўйича вазифалар белгилаб берди.

Барча ҳудудий бошқармалар раҳбарларига ҳар бир бўш иш ўрни тўғрисида маълумотларни доимий равишда ish.uzedu.uz сайтига жойлаб бориш, ҳужжатларни ушбу тизим орқали қабул қилиш, номзодларни саралаб олишда таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, манфаатлар тўқнашуви каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

 

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда ишлаб келаётган, фаолияти давомида ижобий натижаларга эришмаган ходимларни юқори лавозимларга тавсия этиш ва тайинлаш ҳолатларига йўл қўймаслик, раҳбар ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилишда асл сабабини ўрганиш, ўз ишига масъулиятли, касбий маҳорати ва профессионаллиги билан ўрнак бўлаётган ходимларнинг ноҳақ ишдан бўшатилишининг олдини олиш бўйича огоҳлантирилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан таълим даражаси юқори бўлган мактабларда самарали фаолият кўрсатаётган, кўп йиллар давомида юқори натижаларга эришиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

Юқорида кўрсатилган масалаларда сусткашликка йўл қўйган барча раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантириш берилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu