ПЕДАГОГ-ХОДИМЛАРНИ ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИ ОРҚАЛИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

4 январь 2021 йил
image

Маълумки, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш, жумладан Директор жамғармасидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 30-сентябрдаги 823-сон қарори асосида ташкил этилиб келинган.

Ўтган ўқув йили давомида қарор билан тасдиқланган Низом талабларини амалиётга қўллаш жараёнида устамларни белгилаш бўйича ортиқча қоғозбозлик, ўқитувчилар фаолиятини баҳолаш мезонларида бир қатор ноаниқликлар яққол кўзга ташланди.

Айрим нормалардаги мавҳумликларга аниқлик киритиш лозимлиги умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш заруратини юзага келтирди.

Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 31-декабрдаги “Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2019-йил 30-сентябрдаги 823-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 831-сонли қарори қабул қилинди.

Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида қуйидагилар кўзда тутилган:

умумтаълим мактабларидаги педагог, психолог ва кутубхона ходимлари фаолиятини очиқ маълумотлар орқали баҳолаш;

халқаро фан олимпиадаларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш учун ўқитувчиларда мотивацияни орттириш;

ўқувчиларни халқаро баҳолаш тадқиқотларига тизимли равишда тайёрлаб борадиган ўқитувчиларга ҳар ойлик 100 фоизлик устамалар белгилаш;

мактабларда таълим сифатини оширишга қаратилган методик хизматни яхшилашни рағбатлантириш мақсадида фан метод бирлашмалари раҳбарлари учун ҳар ойлик устамаларни 5 фоизда 10 фоизга ошириш;

битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришга пухта тайёрлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш борасида мактаб раҳбарларини рағбатлантириш;

педагогик жамоалар ва таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга эришиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, янги қарорга асосан:

✅умумтаълим мактабларидаги психолог ва кутубхона ходимларига устама белгилашда ушбу устамага лойиқ кўрилган ходимлар 50 фоиздан ошмаслик чеклови бекор қилинди;

✅мактабларнинг фан йўналишлари бўйича услубий бирлашмалари раҳбарлари базавий тариф ставкаларига устама белгилашда аниқ 6 турдаги мезон белгиланди;

✅баҳолаш мезонларининг шаффофлашуви ва қисқариши натижасида жами мезонлар сони мақбуллаштирилиб, 20 фоизга камайди;

✅устама олиш учун талабгорлар томонидан тўлдирилиши керак бўлган ҳужжатлар сони 60 фоизга камайиб, эндиликда талабгор фақатгина 3 номдаги ҳужжатни тўлдириши назарда тутилмоқда.

Ўйлаймизки, Директор жамғармасидан фойдаланиш тартибига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мактабларда фаолият кўрсатаётган ходимлар, жумладан, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu