Куни кеча Халқ таълими вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашларининг Президенти Д.Паттон иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда мазкур халқаро ташкилот ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада юксалтириш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Ўзаро самимий руҳда кечган учрашув доирасида Д.Паттон бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳар томонлама, хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ижобий ривож топаётганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, ҳамкорлик доирасида халқ таълими тизимида фаолият юритаётган инглиз тили фани ўқитувчиларининг малакасини ошириш жараёнларига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, 2021 йилда “English Speaking Nation: Secondary Teacher Training” (ESN:STT) дастури доирасида 385 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси каскад усулидаги bтренингларда иштирок этиб, TESOL сертификатини қўлга киритган. 206 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси эса “Teaching English through English” (TETE) курсларида ўз малакаларини оширишган.
2022 йилда 707 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси каскад усулидаги 60 соатлик тренингларда иштирок этиб, TESOL сертификатини қўлга киритган ҳамда “Teaching English through English” (TETE) курсларида малака оширишган.
Бугунги кунда мазкур сертификатларга эга бўлган ўқитувчилар юртимиздаги 6000 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари учун малака ошириш тренингларини ташкил этишган. 7 нафар инглиз тили фани бўйича халқаро экспертлар малака ошириш марказларида фаолият юритиб келишмоқда.
Мулоқот давомида 2023 йилда яна 8000 нафар инглиз тили фани ўқитувчиларининг мазкур турдаги малакаларини ошириш режалаштирилганлиги ҳамда бунинг учун 4 нафар халқаро эксперт жалб этилиши айтиб ўтилди.
Учрашув якунида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Америка Кенгашлари ўртасидаги таълим соҳасини янада ривожлантириш бўйича икки томонлама манфаатли ҳамкорлик ишларига доир истиқболдаги режалар келишиб олинди.