Халқ таълими вазири: “Тўғри танланган касб бу сизнинг эртанги кунингиз, келажагингизни белгилаб берувчи асосий омил саналади”

22 ноябрь 2022 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугун пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 81-сонли мактабда бўлди.

Мактабдаги 11 “А” синф ўқувчиларининг якунланаётган кимё дарси вазир билан мулоқотга уланиб кетди. Ўқувчилар билан суҳбат чоғида уларнинг фанларга оид билимлари, қизиқишлари ҳамда келгуси режалари ҳақида сўз борди.

“Мен республикамизнинг 1700 дан ортиқ мактабига борган бўлсам, ҳар бир мактабнинг битирувчи ўқувчилари билан суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. Сабаби сиз битирувчилар мактабнинг якуний маҳсули саналасиз ва сизларнинг билим ва салоҳиятингизга қараб, мактаб фаолияти тўғрисида хулоса қилса бўлади. Кўп ҳолларда синфда 30 дан ортиқ ўқувчилар бўла туриб, улар орасида аксарият ҳолларда саноқли касб эгалари бўлиш нияти борлиги мени хавотирга солади. Нега ўқувчилар касб танлаш масаласига юзаки ёндошишяпти? Ахир тўғри танланган касб бу сизнинг эртанги кунингиз, келажагингизни белгилаб берувчи омил саналади-ку. Шу сабабли ҳар бир инсон касб танлаётганда бугун дунёда тараққий этаётган касблар ҳақида маълумотга эга бўлишлари лозим”, — деди вазир.

Вазир синфнинг фаол ўқувчиларидан бири Абдулбосит Абдуғофуров билан кечган мулоқот давомида унинг билимини синовдан ўтказиш баробарида қизиқишлари юзасидан фикр алмашди.

Бу ҳақда ўқувчининг ўзи шундай дейди:

“Вазир билан учрашув мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бугунги суҳбат мени танламоқчи бўлган касбим ҳақида янада чуқурроқ ўйлаб кўришимга ундади. Фикрлаш доирамизни янада кенгайтиришимиз лозимлигини тушундим. Вазирнинг биз ўқувчиларнинг саволларимизга берган самимий ва дўстона жавоблари бизни янада руҳлантирди. Бизга келажак ҳаётимиз учун фойда берадиган кўплаб маслаҳатлар бериб ўтди. Менга тақдим этилган ноутбук эса улкан мотивация бўлди. десам адашмайман. Бу совғани олган билимларим билан оқлашга ҳаракат қиламан”.

Вазир иштирокидаги кейинги машғулотлар инглиз тили фани дарсида бўлди. Вазир ушбу дарсда ўқувчиларнинг чет тили бўйича билимини кузатиб, фан ўқитувчиси Наргиза Маҳмудова билан ўқувчиларнинг тил билиш кўникмалари ва олган билимларини амалда қўллашлари юзасидан фикр алмашди.

Суҳбат давомида бугун хорижий тилни ўрганиб, кейинчалик хорижга кетиб билимларини бойитган фарзандларимизни кейинчалик юртимизга қайтиб ўз билимларини амалда қўллашлари учун бугун уларга ватанпарварлик туйғусини сингдириш лозимлиги тушунтирилди.

Наргиза Маҳмудова ўз фикрларини билдирар экан, “бугун вазирнинг мактабга келганларидан мен учун кутилмаган қувончли воқеа бўлди. Айниқса, инглиз тилида сўзлашиш мен учун жуда ҳаяжонли бўлди. Вазиримизнинг таълим тизимига эътибори, албатта биз ўқитувчиларни янада руҳлантириб, болалар билан ишлашда катта масъулият билан ёндошишга туртки бўлади," — деб ўтди.

Вазир, шунингдек мактабнинг спорт зали, ошхонаси ҳамда ўқувчилар томонидан ташкил қилинган иссиқхонани бориб кўрди. Маълум бўлишича, иссиқхона фаолияти 2021 йилдан буён Ecoschools Uzbekistan лойиҳаси доирасида йўлга қўйилиб, унда парвариш қилинадиган сабзавотлардан мактаб ошхонасида фойдаланилади. Лойиҳа 5 нафар ўқитувчи бошчилигида 7-8 синф ўқувчилари билан амалга оширилмоқда.

Вазир мактаб фаолияти билан танишиш давомида ўқитувчилар билан суҳбатлашди ҳамда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳаётда ўз ўрнини топа билиш, яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, устозларни ҳурмат қилиш, китобга, она табиатга меҳр қўйиш ва уларни асраб-авайлаш кўникмалари ҳақида фикр алмашди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu