Аввал хабар берилганидек, халқаро таълим методикаларига асосланган мактаб таълимини юртимиз умумтаълим мактабларида босқичма-босқич жорий этиб бориш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.
Айни вақтда мазкур тажрибалар ўтказилиши белгиланган, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларидаги 14 та мактабнинг 139 нафар бошланғич синф ўқитувчилари ушбу таълим йўналиши бўйича ўз малакалари оширишмоқда.
Бугун Тошкент шаҳридаги 191-умумтаълим мактабида мазкур малака ошириш жараёнлари тафсилотига бағишланган ҳамда қатор оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилган преес-тур тадбирларида мавзунинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтилди.
“Замонавий жамият учун замонавий таълим” шиори остида ўтказилаётган ҳамда бошланғич синф ўқувчиларининг халқаро стандартлар асосида таълим олишига қаратилган ўқув жараёнлари пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Айтиб ўтилганидек, бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган электрон дарслик ва дастурлар, болаларни муаммони ҳал этиш ва зарур хулосага келишга ундовчи турли ўйинлар шаклидаги методик ишлар мазкур халқаро таълим йўналишининг асосини ташкил этади.
Шу билан бирга, ўрганадиган фани ва ўқитувчисини ўқувчиларнинг ўзи мустақил танлаш ҳуқуқи борлиги, болаларнинг ички имкониятлари ва қобилиятларини юзага чиқаришга мўлжалланган педагогик усуллар, замонавий ахборот технологияларининг мактаб дарсларида кенг фойдаланиши натижасида ўқув жараёнларининг янада қизиқарли бўлишини таъминлаши айтиб ўтилди.
Пресс-тур давомида мавзуга оид муҳим саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.
Малака ошириш дарслари эртага — 8 ноябрь куни ўз якунига етади.