Сайт тест режимида ишламоқда

Финландия замонавий дарсликларнинг апробациясида 4 минг нафардан ортиқ 1-4 синф ўқувчилари иштирок этади (+ВИДЕО)

2 ноябрь 2022 йил
image

Халқ таълими тизимида халқаро таълим дастурлари ва дарсликларини жорий қилиш амалиёти мавзусида Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида брифинг ўтказилди.

Сўнгги йилларда халқ таълими тизимига халқаро тажрибаларни кенг жорий қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, халқаро экспертлар ва маҳаллий амалиётчи ўқитувчилар иштирокида Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Мактабларда “Клетт”, “Cambridge University Press” каби нашриётларининг халқаро тан олинган маҳаллийлаштирилган дарсликлари билан бир қаторда миллий қадриятларга асосланган замонавий дарсликларни жорий этиш бошланди.

Финландия тажрибаси

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 8 октябрида Сирдарё вилоятига қилган ташрифи давомида таълим соҳасида қилиниши керак бўлган келгуси ишларга алоҳида тўхталиб ўтар экан, Финландия таълими дунёда рақобатга чидамли тизим эканлигини таъкидлаб ўтган эди.

Ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида ҳозирда Финландия тажрибасини юртимизга кенг жорий этиш, шу билан бирга ижтимоий ва миллий компонент фанларида халқимиз қадриятлари ва анъаналарига хос бўлган дастур ва дарсликларни жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни устозлар билан ҳамоҳанг олиб бориш, ташаббусни рўёбга чиқаришда кенг жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазалари, тегишли соҳа мутахассисларининг ўз билим ва тажрибалари билан иштирок этиши жуда муҳимдир.

Эълон қилинган махсус talim2023 алоқа каналлари орқали таълим тизимини ислоҳ қилишда фаол иштирок этиш истагини билдирган 6 минга яқин ўқитувчиларнинг аризалари қабул қилинди.

Янги дастур ва дарсликларнинг тажриба-синовида иштирок этиш истагини билдирган ҳар бир тизим ходимига миннатдорлигимизни билдириб, кейинги ойларда амалга оширилиши кутилаётган ишлар билан Сизларни таништиришга ижозат бергайсиз.

Апробация жараёни

Айни вақтда Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 134-умумтаълим мактабида Финландия таълим тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов жараёнлари бошланган. Мактабнинг бошланғич синф ўқув дарслари ушбу таълим тизимига босқичма-босқич мослаштирилмоқда.

Ишларнинг мантиқий давоми сифатида talim2023 алоқа каналларига келиб тушган 6 минга яқин ўқитувчи мурожаатлари таҳлил қилиниб, энг кўп аризалар жўнатган, республиканинг 14 та ҳудудидаги мактаблар танлаб олинди. Ушбу мактабларда 2023 йил январь ойидан 1-4 синфларда Финландия масъул идоралари томонидан сифат белгиси билан қайд этилган замонавий дарсликларнинг апробацияси ўтказилади ва унда 4 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу 6 мингга яқин ўқитувчилар учун ҳам ҳудудлардаги малака ошириш марказларида ҳамда апробация ўтадиган майдончаларда алоҳида ўқувлар ташкил этиб борилади.

Тажриба-синовда иштирок этадиган мактаблар ва уларнинг ўқитувчилари билан кейинги 2 ой давомида алоҳида дастур асосида ишлар олиб борилади. Мазкур ишларнинг биринчи босқичи сифатида 139 та бошланғич синф ўқитувчилари учун 4-9 ноябрь кунлари махсус малака ошириш курслари Тошкент шаҳрида ташкил этилади.

Ушбу курсларнинг жараёни тўғрисида алоҳида ахборот бериб борилади. Янги замонавий методикалар бўйича малака ошириш ҳамда апробация жараёнлари давомида оммавий ахборот воситалари учун махсус пресс-турларни ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Шунингдек, келгуси йил январь ойидан бошлаб, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида “Замонавий жамият учун замонавий таълим” шиори остида йирик анжуманлар ташкил этиб борилиб, ушбу анжуманларда амалга оширилаётган ишлар борасида ўқитувчиларга, ота-оналарга ва кенг жамоатчиликка ахборот бериб борилади.

Илғор дарсликлар тизимимизга мослаштирилмоқда

Ҳозирги кунда Президент Администрацияси Ишчи гуруҳи вакиллари Республика таълим маркази билан ҳамкорликда юқори синф ўқувчилари учун етакчи халқаро нашриётларнинг аниқ ва табиий фанлари бўйича дарсликларини ўрганиб бормоқда. Энг яхши дарсликларни танлаб олиб, юртимиз ўқувчилари учун мослаштирилиши кўзда тутилган. Ўз навбатида, миллий компонентни ўзида мужассамлаши зарур бўлган она тили, адабиёт, тарих, ҳуқуқ каби фанларнинг дарсликлари юртимизнинг етакчи муаллифлари ва амалиётчи ўқитувчилари томонидан яратилиши давом эттирилади.

Албатта, Финландия таълим тизимининг муҳим асоси ўқувчиларга ёдлаш орқали билим бериш эмас, балки уларни фикрлашга ва шу орқали юзага келган муаммони мустақил ҳал этишга таёрлашдан иборатдир.

Бунда асосий эътибор аниқ ва табиий фанларни пухта ўзлаштириш ва олган билимларини реал кўникмалар асосида мустаҳкамлаш, ҳаётда қўллай олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганлиги билан долзарб аҳамият касб этади.

Ўйлаймизки, мамлакатимизда умумий ўрта таълим сифати ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш йўлида бошланган мазкур ташаббус фарзандларимизнинг замонавий билим олишлари ва мустақил ҳаётга тайёрлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu