Жорий йилги мавсумда жами 1 131 та оромгоҳ (205 та стационар ва 926 та соғломлаштириш майдончалари) фаолият кўрсатиб, уларда 297 441 нафардан зиёд болалар дам олдирилиши режалаштирилган.
Шундан, 148 651 нафар бола стационар оромгоҳларда, 148 709 нафар бола эса соғломлаштириш майдончаларига жалб этилиши белгиланган.
Шундан, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги 48 та оромгоҳга 18 967 нафар болалар дам олдирилади.
Мавсум давомида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари учун жами 100 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Ёз-2022” штаби ташкил этилди.
Бунда оромгоҳларнинг 9 260 нафар раҳбар, педагог ҳамда тўгарак раҳбарлари учун услубий қўлланмаларнинг электрон шакллари тайёрланиб, барча ҳудудларга етказилди.
Ёз мавсумида педагог ходимларнинг белгиланган тартиб асосида иш олиб боришлари учун намунавий иш режаси тайёрланди.
205 та стационар оромгоҳларда фаолият юритиш учун жами 4 683 нафар педагог кадрлар рўйхати шакллантирилди ва ушбу кадрлар махсус ўқув дастурлар асосида ўқитилди.
Оромгоҳларга 123 минг дона болалар адабиётлари етказиб берилди ва kitob.uz платформасидан адабиётларнинг электронва аудио шаклларидан фойдаланиш бўйича шароитлар яратилди.
Жорий йилнинг 8 июнь ҳолатига 533 та таълим муассасасида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилган бўлиб, уларда 47 840 нафар болалар дам олдирилмоқда.
Соғломлаштириш майдончаларда ўқувчиларнинг ёзги таътилини мароқли ташкил этиш учун:
- 5 278 нафар меҳнат таътилида бўлмаган педагог ва ходимлар жалб қилинган. Уларда турли ривожлантирувчи компьютер ўйинлари, тасвирий санъат, ментал арифметика каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди;
- кинозаллар ташкил этилиб, болаларга мўлжалланган энг қизиқарли кино ва мультфильмлар намойиш этилмоқда;
- 5 та муҳим ташаббус доирасида кўрик-танлов, фестиваль ва тадбирлар ўтказилмоқда;
- болалар учун сунъий сузиш ҳавзалари ҳам ташкил этилган.
Бундан ташқари Ёз мавсумида 5 та муҳим ташаббус доирасида 20 дан ортиқ кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга 1,2 млн. нафардан ортиқ ўқувчиларни жалб этиш кўзда тутилган.
Болаларнинг интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топиши учун “Болалар кутубхонаси” томонидан:
“Китобхонлар лигаси”, “Мен эшитган эртаклар”, “Ижодкор болалар” фестивали, “Йил ҳикояси”, “Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири”, “Энг истеъдодли китобхон”, "Ёз мавсумининг энг яхши китобсевар билимдони”, “Мустақиллик мадҳи” каби 10 дан ортиқ кўрик-танловлар ташкил этилиб, уларга 100 мингдан ортиқ ўқувчиларни қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан:
“5 ташаббус – спорт билан” шиори остида стритбол спорт туридан мусобақа, “Кураш – миллий ғуруримиз” шиори остида спортнинг кураш туридан биринчилик, “Қувноқ стартлар” спорт мусобақалари ташкил этилади.
217 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари ва 13 та “Болалар кутубхоналари”нинг фаолияти алоҳида режа асосида йўлга қўйилмоқда.
Жумладан “Баркамол авлод” болалар мактабларида мавсум давомида болаларга мактабдан ташқари қўшимча таълим бериш жараёнини инновацион методлардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш учун 7 йўналиш 65 номдаги тўгараклар учун 78 соатлик ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.
Хусусан, Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати йўналиши бўйича (“Ёш қандолатчи”, «Квилинг», «Бичиш-тикиш», “Майда пластика”, “Ёш дурадгор”, “Ёғоч ўймакорлиги”, «Кулолчилик», “Шарқ миниатюраси”, “Юмшоқ ўйинчоқлар”, “Мунчоқли безак”, «Тўқиш», «Каштачилик», “Ёш пазанда”, “Ёш қандолатчи”) Жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича ( “Шахмат ва шашка”, “Бадиий гимнастика”, «Бадминтон», “Стол тенниси”) Маданият ва санъат йўналиши бўйича (“Тасвирий санъат”,“Либослар дизайни”,“Жаҳон рақслари” “Миллий рақс”, «Витраж», “Қўғирчоқ театри”, “Режиссёрлик, журналистика ва нотиқлик”, “Театр оламига саёҳат”), Техника, конструкторлик ва моделлаштириш йўналиши бўйича («Автомодел», “Кубик рубик”, «Авиамодел», “ Радиотехника, электроника ва алоқа”, “Робототехника ва конструкторлик”, “Компьютер муҳандиси”, “Ёш фотоҳаваскор”, “Ёш архитектор”, “Ёш кино-видеоҳаваскор”, “Фото ва компьютер дизайнери”, “Компьютер лабораторияси”, “Компьютер дизайн ва графикаси”, “Ёш дастурчи, Ssratch, Python”) Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов йўналиши бўйича («Физика», «Биология», «Кимё», “ментал арифметика”) Туризм ва экология йўналиши бўйича (“Вело ва пиёда сайёҳ”, “Ёш эколог ва табиатшунос”, “Оила ҳамшираси”, “Флористика ва фауна”, «Карвинг», “Ландшафт дизайн”, “Экодизайн ва интерьер”, “Атроф-муҳит муҳандиси”) Хорижий тиллар йўналиши бўйича (“Инглиз тили” ва “Рус тили”) каби бир қатор ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари болаларни ёз мавсумида бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларга яхши кайфият улашиш мақсадида жорий йилнинг июнь-август ойлари давомида “Баркамол авлод” болалар мактабларида “Таътил __ БАРКАМОЛ билан” шиори остида кўрик-танлов ва мусобақалар бўлиб ўтади.
Бунга асосан,
Июнь ойи – “Маданият ва санъат” ойлиги, Июль ойи – “Жисмоний тарбия ва спорт” ойлиги, Август ойи – “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш” ойлиги деб эълон қилинди.
"Таътил - БАРКАМОЛ билан" шиори остида ташкил этилаётган танлов ва мусобақаларда белгиланган тўгаракларга ўқувчиларни қизиқишини янада ошириш мақсадида, профессионал мутахассислар иштирокида давра суҳбати, тренинглар, маҳорат-дарслари ҳамда кўрик-танловларни ташкил этиш назарда тутилади.
Маълумот учун: Бугунги кунда халқ таълими тизимида 217 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари мавжуд бўлиб, улардаги мавжуд 9033 та тўгаракларга 260 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар жалб қилинган.