Жорий йилнинг 8 июнь куни Юнусобод туманидаги 220- ҳамда Олмазор туманидаги 191-мактабларда ўз фаолиятини олиб бораётган оромгоҳларда ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур доирасида мактабларда ташкил этилган болалар майдончаларида яратилган шароитлар билан танишилди.
Айни вақтда Халқ таълими вазирлиги томонидан 2022 йилнинг ёзги таътил давомида мактаб ўқувчиларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва уларни соғломлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 1 июнь кунидан болаларни соғломлаштириш мавсуми бошланиб, оромгоҳлар ўз фаолиятини олиб бормоқда.
— Мактабимизда ўз фаолиятини бошлаган "Ташаббус" номли оромгоҳда айни пайтда 60 нафардан зиёд ўқувчи вақтини мазмунли ўтказмоқда, — дейди Олмазор туманидаги 191-мактаб директори Шоира Бакирова. - Ҳозирда 30 га яқин тўгараклар болалар ва ота-оналарнинг талаб-истаклари бўйича иш олиб бормоқда. Фан тўгараклари, ментал арифметика, гимнастика, шахмат тўгаракларида барча ўғил-қизлар билимини оширмоқда. Оромгоҳдан хабар топган ота-оналар фарзандларини бошқа туманлардан ҳам мактабимизга олиб келишган. Тўгарак раҳбарлари фаолияти рейтинг асосида баҳолангани боис барча педагогларимиз тўгаракларни имкон қадар қизиқарли ўтишга ҳаракат қилишади. Асосий мақсадимиз, ёзги таътил кунлари ҳам ўқувчиларни ақлий ва жисмоний ривожлантириб, тўгаракларга қизиқишини оширишдан иборат.