Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлиги доирасида алоқаларни кенгайтириш, жумладан таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида шу йил илк маротаба ташкил этилаётган "1-Ўқитувчилар алмашинув дастури"да ўзбекистонлик ўқитувчилар иштирок этмоқда.
Мазкур тадбир Туркияниннг Анқара ва Истамбул шаҳарларида бўлиб ўтмоқда. Тадбирда шунингдек, Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Венгрия давлатидан ўқитувчилар иштирок этмоқда.
Дастурдан кўзланган мақсад Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг таълим соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликда татбиқ этишдан иборат.
Жорий йилнинг 6 дан 12 июнига қадар давом этадиган тадбирда илғор методикаларни ўрганиш, аъзо мамлакатларнинг таълим тизимидаги ўзига хос томонлари тақдимоти ҳамда Туркиянинг етакчи таълим муассасалари фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
Бир ҳафта давомида ўзбекистонлик ўқитувчилар дастурда муваффақиятли иштирок этиб, таълим тизимидаги илғор методикаларни ўрганиб қайтади.