USAID ВА ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ БОШЛАНҒИЧ СИНФЛАРДА ЎҚИШ ВА МАТЕМАТИКА КЎНИКМАЛАРИНИ БАҲОЛАШ БЎЙИЧА ТАДҚИҚОТ ЎТКАЗАДИ

17 ноябрь 2021 йил
image

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2021 йил 15 ноябрдан 7 декабргача бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича мамлакат бўйлаб тадқиқотни олиб боради.

USAID ва вазирлик ўртасидаги ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда бундай кўламдаги миллий стандартлаштирилган баҳолашни ўтказиш илк бор амалга оширилаётгани билан диққатга сазовор.

photo2021-11-1716-24-55-2.jpg

EGRA ва EGMA – умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини баҳолашга мўлжалланган илмий асосланган моделларга таянади. EGRA ва EGMA тадқиқоти 937 та давлат умумтаълим мактабларининг 11 минг нафар ўқувчининг ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тиллари шунингдек, иккинчи тил сифатида ўзбек тилидан кўникмаларини баҳолайди. Ушбу баҳолаш натижалари бўйича тўпланган аниқ маълумотлар вазирлик ва унинг ҳамкорларига Ўзбекистон ўқувчиларининг таълимда муваффақиятга эришиш, жамиятнинг фаол ҳамда самарадор аъзоси ва ишчи кучига айланиши учун зарур бўлган асосий кўникмалар ҳисобланган ўқиш ва математика бўйича кўникмаларини такомиллаштиришга оид аниқ, асосли қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

photo2021-11-1716-24-55.jpg

Баҳолашнинг муҳимлигини таъкидлаб, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблум шундай деди: «Биз таълимга сармоя киритишни ҳар бир мамлакат бажара оладиган энг муҳим амал деб ҳисоблаймиз. Ёш авлодга инвестиция киритиш келажакка инвестиция киритиш демакдир. Биз Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга ошираётган ушбу лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб 3- ва 5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолашга ёрдам беради. Баҳолаш ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва шу фанларни ўқитишга тўғри инвестиция киритиш имконини беради».

photo2021-11-1716-24-57.jpg

Бугунги кунга қадар USAID EGRA ва EGMA баҳолаш тадқиқотини 40 дан ортиқ мамлакатларда ўтказиб, тўпланган маълумотлар ушбу мамлакатларга ўз ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича асосий кўникмаларини яхшилашга ёрдам берган.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu