Президентимиз ташаббусларига кўра амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Буюк Британия элчиси Тимоти Торлот билан биргаликда Тошкент шаҳридаги 255-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида барпо этилаётган “Зиё дунёси боғи”га кўчат ўтказди.
Буюк Британия элчиси ўз жамоаси ҳамда Британия Кенгашлари (British Council)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Денис Ваддингам билан хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшди.
Тадбирдан сўнг, Буюк Британия томони ҳамда Халқ таълими вазирлиги вакиллари мактаб ёнида жойлашган Тошкент халқаро таълим университетига ташриф буюришди ва у ерда томонлар икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг амалдаги ҳолати ҳамда истиқболли лойиҳалари тўғрисида келишиб олди.
Элчи 2022 йилнинг февралида Лондонда бўлиши кутилаётган Жаҳон таълим форумига вазир Шерзод Шерматовни таклиф қилиб, сўнги йилларда Ўзбекистонда, хусусан халқ таълими тизимида амалга оширилган ижобий ўзгаришларни қўллаб қувватлашини ҳамда ўзаро ҳамкорликка доим тайёрлигини таъкидлади.
Буюк Британия томони шунингдек, глобал ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, иқлим ўзгаришига доир лойиҳаларни қўллаб қувватлаши, шунинг учун ҳам “Зиё дунёси боғи” тадбирига таклиф қилинганидан мамнун эканлигини билдирди.