Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги Ички аудит хизмати фаолиятининг 9 ойлик натижалари сарҳисоб қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги тизимида бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари профилактикасини таъминлаш мақсадида Ички аудит хизмати ташкил қилинган.
Аудит хизматнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида унинг ҳудудий бўлинмалари аудиторлари 2019 йилдан бошлаб вазирликнинг марказий аппарати тузилмасига ўтказилди ва амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги оширилишига эришилди.
Ички аудит хизмати ходимларини малакасини оширишга ҳам катта аҳамият қаратилаётган бўлиб, жумладан, 44 нафар ички аудит хизмати ходимлари Молия вазирлиги Ўқув марказида малака ошириш курсларини якунлади.
Бугунги кунда, Ички аудит хизмати томонидан ўтказилаётган ўрганишлар хавф-таҳлилларга (риск-анализ) асосланиб, яъни тизимдаги таълим муассасалар фаолиятини масофадан мониторинг қилиш мобайнида шубҳали ҳолатлар аввал таҳлил қилиниб, аниқланган ҳолатлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар объектларга йўналтирилмоқда.
Ички аудит хизмати фаолиятида асосий эътибор молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларига қаратилган.
Хусусан, вазирлик Ички аудит хизматининг 9 ойлик фаолияти давомида жами 194,7 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилди.
Биринчидан, жорий йил таълим муассасаларида харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвалига мувофиқ режалаштирилган маблағлардан 106,1 млрд. сўми мақбуллаштирилди.
Маълумот учун: ушбу маблағлар умумтаълим мактаблари учун янги авлод дарсликларини Миллий ўқув дастури асосида комплекс тарзда яратиш ва нашр этишга йўналтирилди.
Иккинчидан, тизимда ишловчи ходимларга нотўғри белгиланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқлаштирилиши натижасида 12 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.
Учинчидан, умумтаълим муассасаларидаги асосий воситалар ва бошқа жиҳозларни хатловдан ўтказиш натижасида жами 26,3 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ортиқча сақланиш ҳолатлари аниқланиб, ўрганиш давомида белгиланган тартибда бартараф қилинди.
Тўртинчидан, таълим муассасаларининг харажатлар сметаси тузилиши жараёнида 50,3 млрд. сўмлик қўшимча эҳтиёж мавжуд бўлган йўналишларга профилактика ишлари натижасида бўшаб қолган маблағларни йўналтириш ҳисобидан қопланди.
Аниқланаётган камчиликлардан келиб чиқиб ҳамда уларни келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида амалда ходимларнинг иш ҳақи тўловлари амалга оширилаётган “УзАСБО” дастурий мажмуасига Молия вазирлиги билан ҳамкорликда янги модулларни яратган ҳолда, тегишли ўзгартиришлар киритиб борилмоқда.
Бундан ташқари, “Халқ таълими тизимидаги муассасаларни бошқариш бўйича ягона электрон дастурий мажмуа – erp.maktab.uz” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур тизимда мактаблар, улардаги ўқитувчи ва ўқувчиларга тегишли бўлган барча кўрсаткичлар киритилиши ҳамда уларга тегишли маълумотларни инсон омилини чеклаш учун бошқа тизимдаги маълумотлар базалари билан интеграциялаш назарда тутилган.
Ҳозирги кунда мазкур яратилган ягона дастурий мажмуани жорий этиш бўйича тажриба-синов ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Жаҳон банки иштирокида “Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида ички аудит хизматлари фаолиятини услубий таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш юзасидан Pricewaterhousecoopers (PWC) халқаро консалтинг ташкилоти билан биргаликда Халқ таълими вазирлигида ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича тажриба-синов (пилот) дастури амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида таълим муассасаларида 197 та ўрганиш тадбирлари ўтказилиши натижасида жами 47 553 та ҳолатда 76,5 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 6 530 та ҳолатда 16 млрд. сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.
Маълумот учун: 2020 йилнинг (143,2 млрд. сўм) мос даврининг ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан 2 бараварга камайган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 158 та 61,4 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.