Жорий йилнинг 11 октябрь куни умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадасининг II туман (шаҳар) босқичига старт берилди. Ўқувчи-ёшлар иқтидорини кашф этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қолаверса, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган мазкур олимпиада 11-18 октябрь кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилади.
Олимпиаданинг туман босқичида 16 та фан бўйича умумтаълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларининг 9-11-синф ўқувчилари билими синовдан ўтказилади. Олимпиада барча фанлардан тест синовлари шаклида ташкил этилади.
Мазкур жараёнда ҳар бир фандан 30 та тест саволи тақдим этилади. Тест натижаларига кўра, ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиб аниқланади. Ғолиблар учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.