Халқ таълими тизимидаги муаммоларни “мактаббай” ўрганиш ва соҳадаги ислоҳотларни педагогларга етказиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб турган Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари бугун олтиариқлик педагоглар билан учрашди. Хусусан, тумандаги 1-мактабда бўлиб, ўқувчилар учун яратилган шароит ва мавжуд муаммолар ўрганилди.
Айни вақтда ушбу мактабда 2400 нафардан зиёд ўқувчи икки навбатда таълим олмоқда. Туман ҳокимлиги билан биргаликда янги ўқув йилига қадар мактабда қўшимча ўқувчи ўрни яратишга келишиб олинди.
Педагоглар билан мулоқотда эса куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган келгуси 5 йилда халқ таълими соҳасини ривожлантириш миллий дастурини амалга оширишга оид Фармон ва Қарорларининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди.
Шунингдек, ўқувчиларни маънавий етук инсон қилиб тарбиялашда ўқитувчилар масъулияти, мамлакат тараққиёти педагогларга боғлиқ эканлиги, касб-ҳунарга йўналтиришда 5-6 та касб билан чегараланмасдан, ўқувчиларни кўпроқ касблар билан таништириш зарурлиги таъкидланди. Шундагина битирувчилар фаровон ҳаётга эришиб, Олтиариқ тумани, қолаверса Фарғона вилояти ва мамлакатимиз тараққий этиши ҳақида тушунча берилди.
Суҳбат сўнгида мазкур мактабда узоқ йиллар давомида ишлаб келаётган икки нафар тажрибали педагог - Атҳам Юлдошев ва Фотима Юлдошеваларга ноутбук тақдим этилди.