Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат этган устозларнинг таклифлари бўйича Фурқат туманидаги умумтаълим мактабларга борди. Хусусан, тумандаги 13-мактабда бўлиб, мактаб биносини реконструкция қилган ҳолда ўқув хоналари, спорт зал, фаоллар зали, ошхонани мукаммал таъмирлаш учун Инвестиция дастурига қўшимча киритиш зарурлиги таъкидланди.
11-синф ўқувчилари билан мулоқот қилиниб, мактабда олган билими, эгаллайдиган касблари юзасидан савол-жавоб ўтказилди. Вазир 11-синф ўқувчиси Диёра Мирзаганиева билан инглиз тилида эркин мулоқот қилиб, унинг кенг тафаккури, теран фикрлашини эътироф этди ва унга ноутбук ҳамда планшет совға қилди.
Шунингдек, вазир тумандаги 14-мактабда ҳам бўлиб, 11-синф битирувчиси Наима Ҳасанова билан мулоқот қилди. Китоб ўқиши орқали билим ва дунёқарашини ошираётган, мақсади сари астойдил ҳаракат қилаётган истеъдодли ўқувчига ноутбук совға қилинди.
Мактаб раҳбарига мамлакат келажагига дахлдор бўлиб, ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Юлдуз Дўлтаева билан мулоқот қилиниб, соҳани ривожлантириш юзасидан таклифлари тингланди.