Халқ таълими вазирлиги масъулларининг Фарғона вилояти мактабларини ўрганиш жараёнидаги навбатдаги манзили Қўқон шаҳри ва Учкўприк тумани бўлди. Мактаблардаги ўрганиш ишлари Қўқон шаҳридаги 16-сонли ҳамда Учкўприк туманидаги 28-мактабларда давом этди.
![photo2022-05-1219-21-37-2.jpg](https://old.uzedu.uz/uploads/2022/05/photo2022-05-1219-21-37-2.jpg)
Қўқон шаҳридаги 16-мактабда педагогик жамоа билан мулоқот қилиниб, ўқитувчилар мамлакат тақдирига дахлдор эканлиги, бунинг учун масъулият билан ўқувчиларга пухта билим бериш кераклиги, мактабда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларни билим олишга бўлган қизиқишини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шаҳар халқ таълими бўлимига қисқа муддатда мактабда соғлом муҳитни шакллантириб, мактаб директорлигига муносиб номзод тавсия этиш топшириғи берилди.
![photo2022-05-1219-21-34.jpg](https://old.uzedu.uz/uploads/2022/05/photo2022-05-1219-21-34.jpg)
Учкўприк туманидаги 28-мактабда эса 9-синф ўқувчилари учун “Вазир дарси” ташкил этилди. Дарсда ўқувчиларнинг математика, тарих, кимё фанларидан билимлари синовдан ўтказилди. Энг фаол қатнашган 3 нафар ўқувчига планшет ҳамда синф ўқувчиларига китоблар жамланмаси берилди. Ёш истеъдод эгаси Мухлисахонга планшет ва китоблар совға қилиниб, шеърларини республика газета ва журналларида чоп этишга тавсия этилди.
![photo2022-05-1219-21-35.jpg](https://old.uzedu.uz/uploads/2022/05/photo2022-05-1219-21-35.jpg)
Эслатиб ўтамиз, Давлатимиз раҳбарининг шу йили ўтказилган йиғилишларида берилган топшириқларига асосан туман ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инфратузилмасини яхшилашда амалий ёрдам беришлари белгиланган.