Бугун Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрамини нишонлаш мақсадида Пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” саройида тантанали тадбир ташкил этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳа ходимларига байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Юртимизда таълим-тарбия масаласига комплекс ёндашган ҳолда боғча, мактаб таълими билан бирга олий таълим тизимини ҳам узвий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳада эришилаётган барча ютуқлар фидойи устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати эвазига кундан-кун ортиб бораётгани қайд этилди.
Сўнгра санъат усталари томонидан устозларни мадҳ этувчи саҳна кўринишлари, куй ва қўшиқлар янгради.
Шундан сўнг байрам иштирокчилари “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйиш маросимида иштирок этди.
Байрам тадбири кўтаринки руҳда ташкил этилиб, Ватанимиз эртаси бўлмиш ёшларга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийларга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Байрамона тадбирлар Республиканинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
--