Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Халқ таълими вазирлигида Корея Республикасининг делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Кан Чже Квон ҳамда икки томон мутасадди вакиллари иштирок этди.
Учрашувда ўтган йиллар давомида икки мамлакат ўртасидаги таълимни ривожлантиришда ҳамкорлик тажрибаси самарали бўлгани ва қўшма лойиҳалар ижобий натижа бераётгани таъкидланди.
Шу билан бирга Корея томони билан биргаликда амалга оширилаётган таълим соҳасидаги долзарб лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, умумтаълим мактабларини компьютер билан жиҳозлаш бўйича Корея кредити ҳисобига Кореянинг КТ компанияси томонидан тендер ютиб олиниб 2859 та компьютер синфлари жойларга етказилган, тендер натижасида иқтисод қилинган 8 млн. доллардан ортиқ маблағ ҳисобига ҳам қўшимча 951 та компьютер синфлари жорий йилда мактабларга етказилади. Ҳозирги вақтда яна Корея Республикасининг қўшимча сармояларини Ўзбекистондаги таълим тизимига йўналтириш бўйича лойиҳалар устида ишланмоқда. Ўз навбатида, элчи Кан Чже Квон Ўзбекистон ва Корея Республикасининг ҳамкорлик бўйича стратегик аҳамияти, шунингдек, пандемия шароитида ҳам ҳар икки давлат ҳар томонлама бир-бирини қўллаб –қувватлаган ҳолда иш олиб борганига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Элчи Кан Чже Квон таълим соҳасини ривожлантириш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш Ўзбекистон учун ҳам, Корея Республикаси учун ҳам устувор вазифа эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мактабларни компьютер билан жиҳозлаш, келгусида юқори технологиялар, рақамлаштириш ва АКТни ривожлантириш бўйича лойиҳалар биргаликда ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ этилади.
Халқ таълими вазири истиқболдаги режаларга тўхталар экан, ўзбекистонлик ўқувчилар ўртасида корейс тилини ўрганиш даражасини яхшилаш орқали мактаб битирувчиларини Корея Республикасидаги нуфузли Олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Вазир юқорида айтилганларни инобатга олган ҳолда талабалар ёки ўқувчилар учун янги грантлар, стипендиялар ёки алмашинув дастурларини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.
Элчи Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга ошириладиган тадбирларнинг муҳимлигини таъкидлаб, халқ таълими соҳасида келгусида ҳамкорлик қилиш учун таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
--