Бугун 30 август куни янги 2021-2022 ўқув йили олдидан яна бир таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳомийлик маблағи ҳисобидан қурилган Республикадаги илк STEM фанларига ихтисослашган мактаб Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида қад ростлади. Мактабнинг очилиш маросимида ҳукумат, Халқ таълими вазирлиги, ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимдан олдин мактабни тўлиқ қуриб ва жиҳозлаб берган ҳомий тадбиркор Ғофур Рахимов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан рамзий маънода кўчатлар экилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мактабларнинг шаклини ўзгартириш ва замонавий қиёфага келтириш учун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент вилоятида сўнгги 3 йил давомида 268 та мактаб Инвестиция ва бошқа дастурлар асосида таъмирланиб, бунинг учун 380 млрд сўм маблағ сарфланди. Жорий йилнинг ўзида қарийб 500 та (55 фоиз) мактабларда таъмирлаш ишлари, жумладан, 40 та мактабда Инвестиция, 41 та мактабда «Обод қишлоқ» дастури асосида, 418 та мактаб янги ўқув йилига тайёрлаш борасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Қувонарли жиҳати, вилоятда мактабларнинг шаклини ўзгартириш учун саховатли тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бугун мана шундай тадбиркорлардан бири Ғофур Раҳимов маблағлари эвазига 45-мактабнинг эски биноси ўрнида замонавий таълим маскани қад ростлади. Мактабда ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. 600 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим муассасасида 634 нафар ўқувчига 43 нафар педагог таълим беради. Мактаб энг замонавий жиҳозлар ва сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозланган. STEM фанларига ихтисослашган таянч мактабида математика, чет тили, ахборот технология ва кимё-биология фанлари чуқурлаштирган ҳолда ўқитилади.
Ҳомийлик асосида тўлиқ жиҳозланиб, қуриб берилган мактаб Қуйичирчиқ аҳолиси, шу билан бирга ёшлар учун Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрамига муносиб совға бўлди.