Бугун Халқ таълими вазирлигида асосий фан олимпиадалари ғолибларининг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-10 январь кунлари умумтаълим мактабларининг 9-11-синфлар ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Бунда, Республика бўйича жами 19 711 нафар ўқувчи иштирок этди, шундан, 9-синфда 628 нафар, 10-синфда 477 нафар, 11-синфда 500 нафар ўқувчи олимпиаданинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди. Вилоят босқичида ғолиб бўлган 11-синф ўқувчилари эса олимпиаданинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини ҳам қўлга киритдилар.
Фан олимпиадасининг республика босқичи жорий йилнинг май-июнь ойларида умумтаълим мактабларининг 11-синф ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар мактабларининг 2-босқич ўқувчилари ўртасида таълим туризмини ривожлантириш мақсадида биринчи марта Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Олимпиаданинг республика босқичида 46 нафар ўқувчи ғолибликни қўлга киритди. Ғолибларга ўз фан йўналишларидан олий ўқув юртига киришда ихтисослик фани бўйича максимал балл бериш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги 4306 қарорига кўра, Фан олимпиадасининг республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгилаб қўйилган:
1-ўрин учун — 50 баравари (12 250 000);
2-ўрин учун — 35 баравари (8 575 000);
3-ўрин учун — 30 баравари (7 350 000).
Ушбу пул маблағлари жорий йилда илк маротаба берилмоқда ва бу билан барча устозларимизни табриклаймиз.
Мукофотлар барча вилоятларда ўқитувчиларга тантанали равишда топширилиши ташкил этилди.