Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қашқадарё вилоятига ишчи ташрифи чоғида Деҳқонобод туманидаги «сариқ» тоифали ҳудудда бўлган мактабда ўқувчиларни ўзини-ўзи банд қилишдаги фаолияти билан яқиндан танишди. Жумладан, тумандаги 70-, 77-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг мебель ишлаб чиқариш цехида амалга ошираётган ишларини кўздан кечириб, уларнинг ҳар ойлик даромади билан қизиқди. Суҳбат якунида ўқувчиларга жаҳон дурдона асарлари тўпламини совға қилди.
Тумандаги 70-умумий ўрта таълим мактабида ота касблари орқасидан оиласига даромад келтираётган ўқувчилар билан учрашди. Бугун ушбу таълим масканида 100 нафар педагог фаолият олиб боради, шундан 6 нафари олий тоифали, 38 нафари биринчи тоифали ва 42 нафари иккинчи тоифали педагоглардир. Мактабда ташкил этилган Бахшичилик тўгараги ва унинг раҳбари Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов ҳамда унинг шогирдлари ижодидан баҳраманд бўлди. Бугунги кунда мактаб биноси жорий таъмирдан чиқарилиб, янги ўқув йилига шай ҳолга келтирилган.
Шунингдек вазир Деҳқонобод туманидаги 85- умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, у ерда муҳим беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, мактабнинг кутубхона фаолияти билан танишар экан болаларнинг китобга бўлган қизиқишларини эътироф этиб, мактаб кутубхонасига китоблар тўпламини совға қилди.
Шундан сўнг соҳа масъуллари ва Деҳқонобод тумани ҳокими иштирокида тумандаги 35-умумий ўрта таълим мактабини очилиш маросимида иштирок этди.
Замонавий қиёфага келган мактаб Инвестиция дастури асосида 2 млрд. 320 млн. сўм маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирдан чиқарилган. Халқ таълим вазири мактабда амалга оширилган таъмирлаш ишлари билан танишиб, мактаб жамоаси билан суҳбатлашди.
Тумандаги 23-мактабда вазир таълим сифати бўйича муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақида сўз борди. Жойларда ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши ва малакасини оширишга катта аҳамият берилмаётганлиги таъкидланди. Деҳқонобод тумани халқ таълими бўлими масъулларига таълим сифати паст бўлган мактабларнинг муаммоларини ўрганиш ва керакли чоралар кўриш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Тумандаги 35-умумий ўрта таълим мактабига халқ таълими вазирлиги томонидан интерактив доска тақдим этилди.
Халқ таълими вазири томонидан ўқитувчиларни қийнаб турган муаммоларга жавоб ҳамда таълим сифатини ошириш юзасидан зарурий таклифлар берилди.
Қашқадарё вилоятига ташриф давом этмоқда.