Халқ таълими вазири илгари мактаб филиали бўлган ҳамда ҳозирда замонавий шарт-шароитларга эга Чироқчи туманида янги барпо этилган 192-, 199-мактаблар фаолияти билан танишди.
Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида биргина Чироқчи туманидаги пахса деворли 17 та мактаб биноси ўрнида янги замонавий мактабларнинг ўқув бинолари қурилаётган бўлса, инвестиция дастури асосида 29 та, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурлари доирасида эса 4 та мактаб биноларида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Кенг кўламли қурилиш майдонига айланган Чироқчининг замонавий аҳоли яшаш манзилларидан бири бўлаётган «Оқолтин» қишлоғида Мустақиллик байрами арафасида 176 ўринли янги 192-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўз фаолиятини бошлади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур таълим муассасаси Инвестиция дастури асосида «Баҳор қурилиш инвест» масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилган. Мактабда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, хоналар фанлар бўйича жиҳозланган, кутубхона, сунъий қопламали мини стадион ўқувчиларнинг билим олиши ва спорт билан шуғулланишларига яқиндан ёрдам беради.
Маълумот ўрнида, Чироқчи тумани «Наврўз» маҳалласи Ҳайиткул қишлоғида 180 нафар ўқувчини бағрига қабул қиладиган 199-сонли умумтаълим мактабининг замонавий барча қулайликларга эга янги биноси фойдаланишга топширилган.
Дарҳақиқат, 180 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган ушбу янги мактаб биносининг барпо этилиши туман марказидан олис чекка қишлоқ ёшларига сифатли таълим-тарбия бериш, турмуш шароитини яхшилаш борасида давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида олиб борилаётган кенг қамровли амалий ишларнинг ёрқин намунасидир.
Халқ таълими вазири мактаб ўқитувчиларини келгусидаги фаолиятига омад ва зафарлар тилади ва таълим сифатини ошириш, замонавий шароитларга эга бўлган юқорида қайд этилган мактабларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли таклифлар берди ва мактаб маъмуриятига китоблар жамланмасини совға қилди.