Кеча Халқ таълими вазирлигида Россия Федерациясининг узоқ муддат даволанишга муҳтож болалар учун стационар шароитида таълим бериш билан шуғулланадиган «Учим знаем» лойиҳаси раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан гематология касаллиги билан даволанаётган болаларга узлуксиз таълим жараёнларини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Бу борада «Замин» Халқаро жамоат фонди кўмагида юртимизда гематология ва онкология касаллиги билан даволанаётган болалар учун таълим жараёнини ташкил этишга йўналтирилган «Меҳрли мактаб» лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳани Ўзбекистонда муваффақиятли жорий этиш мақсадида 7 йилдан буён Россия Федерациясида ўз фаолиятини олиб бораётган «Учим знаем» лойиҳасининг тажрибаси ўрганилиб, лойиҳани юртимизда амалга ошириш борасида таклифлари ўрганилди.
«Меҳрли мактаб» лойиҳасини амалга ошириш учун Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий маркази ёнида жойлашган 182-мактаб танланди.
Ҳамкорлар билан узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларга таълим берадиган педагогларни танлаш ва уларни малакасини ошириш, ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилинади.
Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган болаларга узлуксиз таълим жараёнлари 2022 йилдан йўлга қўйилади.