Жорий йилнинг 14 август куни Халқ таълими вазири ўринбосари Вохобжон Ражапов ва Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икрамов ҳамда бошқа мутасадди вакиллар Тошкент вилояти Чиноз туманидаги қиз болалар ўқув-тарбия муассасасига ташриф буюриб, у ердаги тарбияланувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ташриф давомида муассасанинг фаолияти, хусусан, тарбия ва таълим жараёни, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.
Шу билан бир қаторда, тумандаги 2-сон касб-ҳунар мактаби ва 39-сонли умумтаълим мактабларининг ҳолати ҳам ўрганиб чиқилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Ўрганиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларни сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари ва Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу муассасалардаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.