ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ЯПОНИЯ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АГЕНТЛИГИ БИЛАН 100 МИЛЛИОН ЙЕН МИҚДОРИДАГИ ГРАНТ ШАРТНОМАНИ ИМЗОЛАДИ

13 август 2021 йил
image

Жорий йилнинг 13 август куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Миязаки Сугуру билан умумий миқдори 100 миллион йен бўлган шартномани имзолади. Мазкур грант шартномаси асосида 2 йил давомида республикамиз бўйлаб 14 минг нафар 8-10-синф ўқувчиларининг математика фанидан билимлари синовдан ўтказилади. Тест синовларини Японияда ягона давлат имтиҳонларини амалга оширувчи KEI Advanced ташкилоти олиб боради.

photo2021-08-1315-02-14.jpg

- Айни пайтда япон тажрибасини бошқа қатор ташкилотлар билан ҳам таълим соҳасида амалга ошириб, Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Натижалар ўз навбатида соҳадаги камчиликларни бартараф бўлишига ва таълим сифатини янги поғонага кўтарилишига олиб келади, - дея таъкидлади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Ташкилотнинг тест синовлари амалиёти халқаро тест стандартларига мувофиқ эканлиги боис имзоланган шартнома асосида республикамиз умумтаълим мактабларида ҳам келгусида жаҳон таълим стандартларига мос ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш тизими жорий қилинади. Грант шартномасининг аҳамиятли жиҳати шундаки, KEI Advanced ташкилоти шунчаки тест ўтказибгина қолмай, натижаларга асосланган ҳолда ҳар бир ўқувчи учун билимларини оширишга йўналтирилган индивидуал дастурларни ишлаб чиқади ва жорий қилади. Бу эса ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказишдан кўзланган аниқ мақсад - ўқиш жараёнларида юзага келадиган камчиликларни очиб беради ва уларни бартараф этишда кўмаклашади.

photo2021-08-1315-02-14-2.jpg

 

Лойиҳани амалга оширувчи икки асосий ташкилот – А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ҳамда KEI Advanced ташкилотининг эксперт вакилларидан ташкил топган доимий ишчи гуруҳ Авлоний илмий-тадқиқот институтида биргаликда фаолият юритади. Маҳаллий экспертлар Япония амалиётининг Ўзбекистон миллий ўқув стандартларига мос келишини доимий назорат қилади. Ишчи гуруҳ келгусида таълим тизимини жаҳон стандартларига мослаштиради ва жорий қилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu