Жорий йилнинг 6 август куни пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 14-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм ҳамда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит таълим сифатини такомиллаштиришдаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида фикр билдирди.
Жумладан, тадбирда USAID билан 2019 йилнинг сентябрида 50 миллион АҚШ долларигача бўлган грант шартномаси имзоланган бўлиб, мазкур грант шартномасини амалга ошириш мақсадида ҳозирга қадар 19.5 миллион АҚШ доллари миқдорида лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугун эса мазкур ҳамкорлик доирасида ўқувчиларда тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларни ривожлантиришга оид қўшимча келишув имзоланди.
Мазкур битим асосида, халқ таълими тизимига 5.5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча грант маблағлари жалб қилиниши кўзда тутилган. Бу маблағлар 8-11-синф ўқувчиларида тадбиркорлик ва бизнес юритишга доир билим-малакаларини шакллантиришга йўналтирилади.
Шунингдек, учрашувда АҚШ элчиси томонидан Халқ таълими вазирлигига «Баркамоллик учун таълим дастури» доирасида 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги “Cambridge University Press” халқаро нашриётида чоп этилган Ўзбекистонда миллий ўқув дастурига мослаштирилган 1-11-синфлар учун инглиз тили, 5-11-синфлар учун АКТ бўйича хорижий дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар топширилди.
Мазкур дарсликлар Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги 200 дан ортиқ умумтаълим мактабларида 2021-2022 ўқув йилида тажриба-синов босқичидан ўтказилади. Сўнгра 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умуммиллий миқёсда жорий қилиниши режалаштирилган.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ва USAID Халқаро тараққиёт агентлигига Ўзбекистон мактабларида инглиз тили ҳамда АКТ бўйича сифатли таълим берилишида ҳамкорлик қилаётгани учун миннатдорчилик билдирди.
Тадбир якунида ОАВ ходимлари мазкур лойиҳа доирасида матбуот анжумани ташкил этилди ва берилган саволларга Халқ таълими вазири ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси томонидан батафсил жавоб берилди.
Сўнгра тадбирга ташриф буюрган барча меҳмонлар 14-сонли мактаб фаолияти, улардаги тўгараклар билан яқиндан таништирилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу мактаб 1984 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган бўлиб, 2019-2020 ўқув йилида капитал таъмирлангунига қадар, мактаб биноси авария ҳолатида ва таълим сифати ҳам паст даражада ҳамда 0.4 коэффициентда фаолият юритган (ўқувчи сони 476 нафар).
Аввал авария ҳолатидаги мактаб бугунги кунда капитал таъмирланиб, замон талабларига мос равишда жиҳозланган. Шу сабабли, мактаб атрофидаги аҳоли энди қийналиб бошқа ҳудудлардаги мактабга боришига ҳожат қолмади.