ЎҚУВЧИЛАРНИНГ МАКТАБ ФОРМАСИНИ КИЙИШ ТАРТИБИ ВА ТАЛАБИ ЎЗГАРМАЙДИ

8 июль 2021 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ХАБАРНОМАСИ

Жорий йилнинг 5 июль куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида" қабул қилинган янги таҳрирдаги Қонун ОАВ вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кийиниш маданияти, хусусан ўқувчи-қизларни мактабда бош кийимда юриши ҳамда ўғил бола ўқувчиларнинг соқол қўйган ҳолда мактабга келишлари масаласида турли саволларни келтириб чиқармоқда.

Шуларни инобатга олган Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Маълумки, ўқувчиларни умумий ўрта таълим муассасаларида кийиниш маданияти билан боғлиқ нормалар амалдаги таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб берилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 5 июль куни қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг шарҳида ҳам амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солиниши маълум қилинган.

Хусусан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 49-моддасида таълим ташкилотларида таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши қайд этилган.

Мазкур ваколатдан келиб чиқиб, давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш мақсадида Ҳукумат томонидан 2018 йил 15 августда 666-сон “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

Шу билан бирга мазкур қарор билан Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (матнда кейинги ўринларда – Низом) тасдиқланган.

Мазкур Низомга кўра умумтаълим мактабларида:

– ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;

– қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

– огоҳлантириш;

– кундалик дафтарига қайд этиш;

– тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;

– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Мазкур талабларга ўқувчилар томонидан қатъий амал қилиниши учун ота-оналар масъул ҳисобланишини Низомда белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари таълим муассасасига мазкур Низом талабларида белгиланган тартиб ҳамда таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мактаб формасига мувофиқ кийинишлари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 509-сон қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари учун ҳукумат томонидан тасдиқланган мактаб формаси мажбурий ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан бугунги кунда Низомнинг юридик кучга эга эмаслиги, унда белгиланган қоидалар амалда эмаслиги ҳақидаги ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқатилмоқда. Ушбу фикрларга шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, замонавий ягона мактаб формаси 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий этиб белгиланган бўлсада, бироқ Низомда белгиланган талаблар давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари учун бугунги кунда ҳам мажбурий ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди бўйича амал қилади.

Мактаб формасини жорий этишнинг мақсади ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат.

Таъкидлаш лозимки, Низомнинг 7-бандида ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозимлиги белгиланган.

Бунда Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Қўшимча равишда, “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 48-моддасига асосан,устав (таъсис ҳужжати) талабларига, ички тартиб-қоидаларига, вақтинча яшаш жойлари қоидаларига ва таълим фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга оширишга оид бошқа ички ҳужжатлар талабларига риоя этиш таълим олувчиларнинг мажбуриятларидан бири этиб белгиланган.

Шу муносабат билан, Халқ таълими вазирининг 2020 йил 28 майдаги 131-сон буйруғи билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларининг 8-бандига мувофиқ, ўқувчилар таълим муассасасига белгиланган мактаб формасида келишлари лозим эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунга асосан, фарзандларини мактабга кийиниш маданиятига ва Низомда белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда боришларига ўқувчиларнинг ота-оналаридан фарзандларининг ёрқин келажаги учун жавобгарликни ўз бўйинларига олган ҳолда, масъулият билан ёндашишларини сўраймиз. Акс ҳолда, амалдаги қонун ҳужжатларига асосан улар тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши ушбу шахсларни базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Яна шуни алоҳида айтиш жоизки, 2021 йил 30 мартда қабул қилинган Қонун билан мазкур Кодекс 2011-модда  билан тўлдирилиб, унга асосан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Ушбу ҳолатларни келиб чиқишини олдини олиш, фарзандларимизни юртимизда белгиланган қонун-қоидаларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ҳамда уларнинг ёрқин келажаги учун масъул эканлигимизни унутмаган ҳолда белгиланган талаблар доирасида таълим олишларига имконият яратиб беришимиз лозим.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu