ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСЛАРНИНГ РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШГА ОИД ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

1 апрель 2021 йил
image


2021 йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан «Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга оид долзарб масалалар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, олий ва ўрта махсус таълим, мактабгача таълим вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси – ЮНИСEФ ҳамда бошқа тузилмалар қатнашди.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев сўзга чиқар экан, бугунги кунда умумтаълим мактабларининг 1-4-синфларида «Саломатлик дарслари» ўқув курси атрофимиздаги олам, табиатшунослик, жисмоний тарбия фанлари, 5-8-синфларда «Соғлом авлод асослари», 9-11-синфларда «Соғлом турмуш маданияти» ўқув курслари биология, технология, жисмоний тарбия фанлари доирасида ҳамда 9-10-синфларда биология фани доирасида репродуктив саломатлик, ўсмирлар физиологияси масалалари ўқитиб келинаётганини қайд этди. Бундан ташқари, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 1-11-синфларда «Тарбия» фани жорий этилиб, репродуктив саломатлик саводхонлигини оширишга қаратилган мавзулар киритилган.
Қолаверса, Халқ таълими, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва БМТнинг болалар жамғармаси – ЮНИСEФ ва бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш йўналишида тарғибот тадбирларини ўтказиб келинаётгани қайд этилди.

1cc96f2dd8da6fc41458e.jpg

Давра суҳбатида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Жумладан, ёшлар орасида тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда соғлом оилани шакллантириш, ўсмирлар, айниқса, ўсмир қизлар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг тарғибот ва тушунтириш ишлари ташкил этилмаяпти.

Бундан ташқари, давра суҳбатида сенаторлар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида умумтаълим мактабларида репродуктив саломатлик ва ўсмирлар физиологияси масалаларини ўқитиш масаласи Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурлар асосида олиб борилмаётганлиги, шунингдек ушбу ўқув дастурларини махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар томонидан ўқитилиши белгиланган бўлсада, аксарият мактабларда номутахассис педагог ходимлар томонидан ўқитилаётганлиги қайд этилди.

Қайд этилган муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш асосида давра суҳбати иштирокчилари томонидан вояга етмаганларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, таълим муассасалари ўқув режаларига репродуктив саломатлик ва ўсмирлар физиологияси бўйича тегишли ўқув юкламаларини киритиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu