Халқ таълими вазирлиги ишчи гуруҳи бугун куннинг иккинчи ярмида Олмазор туманидаги 234- ва 298-мактаб фаолияти билан танишди. Мавжуд муаммолар ўрганилиб, педагог ва ўқувчилар билан мулоқот қилинди.
Хусусан, 298-мактабда 7-синф, 234-мактабда 6- ва 8-синфда дарс жараёнларида иштирок этилиб, ўқувчиларнинг ушбу фанлардан ўзлаштириш даражаси савол-жавоблар орқали аниқлаштирилди. Ўқувчилар барча фанларни яхши ўқиши, кўпроқ бадиий асарлар ўқиш орқали билимларини бойитиб боришлари таъкидланди.
Мактабда таълим даражасини яхшилаш кўп жиҳатдан мактаб директорига боғлиқ эканлиги, бунинг учун директорларга қўйилган талаблар кучайтирилиши таъкидланди.
234-мактабда эса 6-синфнинг 2 нафар истеъдодли ўқувчисига ноутбук совға қилинди.
Давлатимиз Раҳбари ҳузурида шу йилнинг 5 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан, Олмазор туман ҳокимлиги томонидан яратилаётган таълим муассасаларида ўзига хос “бренд” (логотип ва мактаб формаси) намуналари кўздан кечирилди.
Мактабларда мавжуд муаммолар тайёрланаётган “Йўл харитаси”га киритилган ҳолда ҳал этиш режалаштирилди.