Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024-йил 20-декабрдаги тегишли буйруғи билан Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг республика бўйича чекланган сони ва ҳар ойлик устама олишга номзодларни саралаш бўйича регламент тасдиқланди.
Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан Республика бўйича 2025-йилда ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг чекланган сони 1 500 нафар этиб белгиланди. Бунда:
1 400 та квота — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган малакали педагог кадрларга;
100 та квота — Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар педагог кадрларига ажратилди.
Квоталар “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий ва филология фанлари” ва “Амалий фанлар”лар йўналишлари бўйича ҳудуд ва туман (шаҳар)лар кесимида тақсимланди. Бунда тегишли йўналиш бўйича туман (шаҳар) учун белгиланган ҳар битта квота ўрнига кўпи билан уч нафар номзод тақдим этилади.
Маълумот ўрнида: Вазир жамғармасидан ойлик устама олувчи ғолибларни аниқлаш номзодлар орасида икки босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқичда барча ҳудудларда номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари бўлиб ўтади.
Иккинчи босқичда эса умумтаълим фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган тест синовларида максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади.
Касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама олишга номзодлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 2-августдаги 425-сонли қарори билан тасдиқланган Низомдаги малакали педагог кадрлар учун назарда тутилган мезонлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 февралдаги Ф-22-сонли фармойишига мувофиқ ташкил этилган ҳудудий кенгашлар томонидан тақдим этилади.