Тошкент шаҳрида “Жадидлар изидан” танловининг Республика босқичи ҳамда “Баркамол авлод болалари” фестивалининг якуний ҳисобот консерт дастури ўтказилди

20 декабрь 2024 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг октябрь-декабрь ойлари давомида умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда нодавлат таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида уларнинг мустақил фикрлаш кўникмаларини янада шакллантириш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали китобхонликка жалб этиш, буюк жадид аломалар ҳаёти ва ижоди билан таништириш, китобхон болаларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида икки синф тоифасида (1-тоифа: 6-, 7-, 8-синфлар 2-тоифа: 9-10-синфлар) “Жадидлар изидан” Республика танлови ташкил этилди.
Илк бор ўтказилаётган мазкур танловда иштирокчи ўқувчилар jadidlarizidan.uz платформаси орқали онлайн рўйхатдан ўтиш орқали иштирок этишмоқда. Танловда иштирок этиш учун 364 906 та (шундан 219 868 таси 6-8-синф, 136 944 таси 9-10-синф ўқувчиси, 8 094 таси нодавлат таълим муассасалари ўқувчиси) ариза келиб тушган.
Танлов низомига кўра, ушбу иштирокчилар икки синф, яъни, 6-8-синф ҳамда 9-10-синф ўқувчилари тоифасида жорий йилнинг 28-30-октябр кунлари секторлар кесимида саралаб олинди.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичи эса шу йилнинг 31-октябр куни барча ҳудудларда бир вақтда ташкил этилиб, унда сектор босқичларида саралаб олинган 13 299 нафар ўқувчилар иштирок этди. Иштирокчилар мазкур босқичда 2 та шарт (тест ва савол-жавоб) асосида беллашди.
Ҳудудий босқичлар эса жорий йилнинг 13-23-ноябр кунлари ўтказилиб, унда туман (шаҳар) босқичлари якуний натижаларига кўра ғолибликни қўлга киритган 416 нафар ўқувчилар қатнашди.
Танловнинг Республика босқичи ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан (6-, 7-, 8-синфлардан 1 нафар, 9-10-синфларлардан 1 нафар) жами 28 нафар иштирокчилар ўртасида жорий йилнинг 17-20-декабр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Танловнинг Республика босқичи якунларига кўра ҳар бир синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган 7 нафардан (1, 2, 3-ўрин ғолиблари ҳамда энг юқори балл тўплаган 4 нафар) жами 14 нафар иштирокчилар хорижий давлатга таълим саёҳатига юборилади.
Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, тўгаракларга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ўқувчи-ёшларни аниқлаш ҳамда улар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан шу куни “Туркистон” санъат саройида мактабдан ташқари таълим тизимида олиб борилаётган ишлар сарҳисобини ўз ичига олган “Баркамол авлод болалари” фестивалининг якуний ҳисобот консерт дастури бўлиб ўтди.
“Маданият ва санъат” — йўналиши (Тасвирий санъат ва либос);
“Техника, конструкторлик ва моделлаштириш” — йўналиши (Робототехника ва конструкторлик);
“Жисмоний тарбия ва спорт” — йўналиши (Шахмат-шашка);
“Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” — йўналиши (Мунчоқли безак);
“Туризм ва экология” — йўналиши (Карвинг);
“Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов” — йўналиши (Ментал арифметика);
“Хорижий тиллар” — йўналиши (Инглиз тили)
Ҳисобот консерт дастури давомида тўгарагимиз аъзоларининг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, “Баркамол авлод болалари” фестивали барча “Баркамол авлод” болалар мактабларида 3 босқичда ўтказилиб, жами 274 000 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Маълумот учун бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият кўрсатади, улардаги мавжуд 10 778 та тўгаракларда 327 197 нафар ўқувчи-ёшлар билим ва касб-ҳунар ўрганиб келмоқда!

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu