Бугун пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида мусиқа фани ўқитувчилари тирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, соҳа масъуллари, умумтаълим, мусиқа ва санъат мактаблари педагоглари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида мусиқа маданияти фани ўқитувчилари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади.
Қарорга асосан, мусиқа фани ўқитувчиларининг педагогик фаолиятини юқори баҳолаш ва уларга яратган шароитларни яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилади.
Хусусан, мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш ва малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бу йўналиш бўйича ўқув қўлланмалари, ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилади.
Малака ошириш тизими дуал таълим асосида амалга оширилиб, 100 соатга мўлжалланган малака ошириш курсларидаги назарий фанлар Педагогик маҳорат марказларида, амалий машғулотлар Болалар мусиқа ва санъат мактабларида амалга оширилади.
Мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш ва сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга 20 фоизгача бўлган устамалар бериш тизими жорий этилади.
“Турон мактаб театри”нинг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоалари ташкил этилади. Ушбу жамоалар иштирокида 3 босқичли “Иқтидор” мактаб ансамбли Республика танлови ўтказилади.
Ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактаблари умумтаълим мактабларига таянч мактаб сифатида бириктирилиб, иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш мақсадида мунтазам кўрик-танловлар ўтказиш йўлга қўйилади.
Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва “Баркамол авлод” болалар мактаблари интеграция қилинади.
Ўз навбатида барча мактабларда мусиқа маданияти фанини ўқитиш бўйича зарур моддий-техник база яратилиб, миллий ва замонавий чолғу асбоблари билан таъминланади.
Тадбирда ҳар бир мусиқа фани ўқитувчиси ўз касбининг моҳир устаси бўлиши, ўқувчи ва шогирдларига энг аввало ўзи ибрат, намуна бўла олиши, бунинг учун доимо ўз устида ишлаши лозимлиги қайд этиб ўтилди.
Мулоқот доирасида педагог ва мутахассисларнинг мусиқа фанини янада ривожлантириш, соҳадаги ўқитувчиларнинг билим ва малакаларини янада оширишга қаратилган фикр ва мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Шунингдек, мавзуга доир саволларга вазирлик масъул ходимлари томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.