Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида умумтаълим мактабларида мусиқа, жисмоний тарбия ва ЧҚБТ фанларини ўқитишни ривожлантириш, октябр-ноябр ойларида ўтказилган навбатдаги малака синовлари якунлари ҳамда “Жадидлар изидан” танловининг ҳудудий босқич жараёнларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган мусиқа, жисмоний тарбия ва ЧҚБТ фанларини ўқитишни ривожлантиришга бағишланган қатор қарорлар ижросига атрофлича тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, мусиқа ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун ҳам малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий этилиб, у икки босқичда (назарий, амалий) амалга оширилади. ЧҚБТ ва Жисмоний тарбия фани ўқув дастурлари тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилади.
Шунингдек, иқтидорли ўқувчилар орасида 3 босқичли “Иқтидор” мактаб ансамбли Республика танлови ўтказилади ҳамда мактабларда спортни оммалаштириш бўйича рейтинг тизими ишлаб чиқилади.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 29 октябридан 20 ноябригача педагогларни навбатдаги аттестациядан ўтказиш жараёнлари ўтказилди ва унда 144 928 нафар (98,1 фоиз) педагог иштирок этди. 18,3 минг нафар педагог навбатдаги мажбурий, 136,1 минг нафар педагог навбатдан ташқари, 19,3 минг нафар педагог тўғридан-тўғри малака синовларида қатнашиш учун ҳужжат топширган.
Йиғилишда жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб барча мактабларда “Жадидлар изидан” танловининг сектор, туман (шаҳар) босқичлари ўтказилиб, унда 346 мингдан зиёд ўқувчи иштирок этганлиги қайд этилди.
Танловнинг ҳудудий босқичлари жорий йилнинг 12-23 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланган. Бугунги кунгача танлов 10 та ҳудудда юқори савияда ташкил этилди. Масъулларга танловни қолган ҳудудларда ҳам юқори даражада ташкил этиш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Маълумот учун: танловнинг республика босқичида ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан (6-8-синф ҳамда 9-10-синф тоифаларидан 1 нафардан) иштирокчи қатнашади.
Вазир Ҳилола Умарова йиғилиш давомида мактабгача таълим тизими раҳбар ва ходимлари малакаси ҳамда тизим самарадорлигини янада ошириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.
Шунингдек, умумтаълим мактабларини бошқариш амалиётида кенг қўллаб келинаётган “Директорлар кенгаши” иш тажрибасини мактабгача таълим тизимида ҳам жорий этиш ва бу орқали боғча директорларини тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли масъул ходимларга керакли вазифалар берилди.
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.