“Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи: узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди

15 ноябрь 2024 йил
image

Бугун пойтахтимиздаги Hilton  меҳмонхонасида Макатабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг 90 йиллигига бағишланган “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи: узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Андреас Шляйхер, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбой Шарипов, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори в.б Юлия Рисюкова, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татиана Проскурякова, ЮНЕСКО ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, Юнисефнинг Ўзбекистондаги вакили Регина Мариа Кастилло иштирок этди.

Шунингдек, АҚШ, Финландия, Германия, Сингапур, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон мамлакатларидан таълим соҳасидаги тажрибали экспертлар ҳамда Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган тадқиқотчилар, изланувчилар ва соҳа мутахассислари томонидан таълим сифатини таъминлаш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларини касбий ривожлантириш каби масалаларга қаратилган мавзуларда тақдимот қилинди.

Тадбирда Андреас Шляйхер ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш Халқаро дастури (PISA) ва бошқа халқаро дастурларнинг ташаббускори ҳамда бошқарувчиси ҳисобланиб, 20 йилдан ортиқ вақт давомида таълим сифатини ошириш,  тенглигини таъминлаш учун дунё бўйлаб ҳукумат раҳбарлари ва таълим вазирлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.

Айни вақтда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (Organisation for Economic Cooperation and Development - OECD) бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, Таълим ва кўникмалар директори вазифасида фаолият олиб бориб, турли мамлакатларнинг сиёсатчи, тадқиқотчи ва ўқитувчилари учун таълим сиёсати ҳамда амалиётини янгилаш бўйича салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Андреас Шляйхер юртимизда ўқитиш ва таълим олишни ўрганиш халқаро (TALIS) тадқиқоти доирасида мактаблардаги таълим муҳитини ва амалиётини баҳолаш бўйича кўмак беради.

Таъкидлаш жоизки, Абдулла Авлоний институти илк бор 90 йил илгари 1934 йил 4 майда бошланғич мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш курси негизида Ўзбекистонда халқ таълими кадрларини малака ошириш институти номи билан ташкил этилган. Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон таълимининг ривожланишига катта ҳисса қўшган ва таълим соҳасидаги кадрларнинг малакасини оширишда муҳим роль ўйнаган.

Ўтган асрнинг 50 йилларидан бошлаб вилоятларда ҳам малака ошириш институтлари ташкил этилгани сабабли, 1964 йил 22 сентябрдан институтга Марказий институт мақоми берилган. Марказий институт Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон республикаларидаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб ўқитувчилари малакасини оширишда ҳам кўмак берган.

Истиқлолга эришгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 169-фармойишига асосан Халқ таълими ходимлари малакасини ошириш марказий институти мақоми ҳамда буюк маърифатпарвар, педагог, жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бири Абдулла Авлоний номи берилган.

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими самарадорлигини таъминлаш, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш, Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибаларни умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги 231-сонли қарори асосида А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти бино ва иншоотлари тўлиқ янгидан барпо этилди ҳамда Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Институтга ташрифи доирасида байрам туҳфаси сифатида тақдим этилди.

Институтнинг янги биноси маърифий соҳаларда кечаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир. Унда 950 ўринли ўқув бинолар, 560 ўринли замонавий типидаги меҳмонхона, 87 минг фондга эга Ахборот-ресурс маркази ҳамда Абдулла Авлоний ёдгорлик музейи барпо этилди.

Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳатларни халқаро даражада боҳалаш ҳамда нуфузини мустахкамлаш,  PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS тадқиқотларида Ўзбекистоннинг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида Институтда Халқаро тадқиқотлар маркази, шунингдек инновацион фаолиятни ривожлантириш, табиий фанлар ва муҳандислик, математика йўналишдаги фанлараро, илмий-тадқиқот ва лойиҳа машғулотларига асосланган замонавий таълим муҳитини яратиш мақсадида STEAM маркази ташкил этилди.

Институт фаолияти кенгайиб, замонавий раҳбар учун зарурий кўникмаларни эгаллашга қаратилган менежерлик ўқув курслари жорий этилди. Қарийиб бир йил давомида 1 200 нафардан ортиқ миллий раҳбар кадрлар заҳираси шакиллантирилди.

Бугунги кунда ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантириш мақсадида халқаро таълим ташкилоти билан ҳамкорликда “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари ташкил этилиб, каскад усулида 87 минг нафар аниқ ва табиий фан ўқитувчиларнинг малакаси узлуксиз оширилмоқда. 2025 йилдан барча фанлар бўйича 450 минг нафар ўқитувчиларни қамраб олиш кўзда тутилган. 

Шунингдек, илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мактаб таълим тизимидаги муамммоларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида  магистратура ва докторантура соҳалари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйиган.

Бугунги кунда институт илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш бўйича 20 дан зиёд халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. 

Институтнинг 90 йиллигига бағишлаб “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи: узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари” мавзусида ўтказилаётган конференция А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти томонидан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Конференция доирасида қуйидаги йўналишларда шўъбалар ташкил қилинади:

1. Раҳбар ва педагог кадрларни “Ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили асосида узлуксиз касбий ривожлантиришнинг инновацион ёндашувлари;

2. XXI аср кўникмаларини ривожлантириш ва таълимда глобаллашувни таъминлашда PISA халқаро тадқиқотлари аҳамияти;

3. Таълимда рақамли трансформация ва сунъий интеллектга асосланган таълимнинг тенденциялари;

4. Инклюзив таълимда замонавий тадқиқотлар, педагогик ютуқлар ва муваффақиятли лойиҳалар;

5. Тарбия ва одоб-ахлоқ таълимнинг ажралмас қисми сифатида: ёшларда ғоявий иммунитетни шакллантириш, ўқувчи-ёшларни тарбиялашнинг педагогик шарт-шароитлари.

Конференция ўтказишдан асосий мақсад – рақамли трансформация шароитида мактаб таълимини янги сифат босқичига олиб чиқиш: раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнлари самарадорлигини ошириш, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, таълим бўйича халқаро баҳолаш дастурларини татбиқ этиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва миллий методикаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, жадид маърифатпарвари, педагог олим Абдулла Авлоний меросини замонавий таълимий трендлар билан интеграциялаш бўйича амалга оширилаётган илмий-амалий тадқиқот натижаларини оммалаштириш, истиқболли илмий-амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йил 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтига ташрифи чоғида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилиб, таълим сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида мазкур институтни педагоглар касб маҳоратини оширишга масъул этиб, малака оширишда вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизимни йўлга қўйиш вазифасини белгилаб берди.

Мазкур халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлик даражаси, профессионал компетентлиги ва педагогик маҳоратини мунтазам юксалтириб бориш каби масалаларни ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш кўзда тутилган.

Ушбу анжуман таълим сифатини ошириш, инновацион ўқитиш метод, технология ва методикаларини ўзлаштириш, ўқитувчиларни замонавий педагогик методлар билан таништириш ва уларнинг профессионал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларнинг ўқув фаолияти натижаларини баҳолашнинг халқаро тадқиқотлар принципларига мослаштириш ва инсон капиталини ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб муаммоларни ҳал этишда халқаро таълим ҳамжамияти билан тажриба алмашиш майдони вазифасини ҳам ўтайди.

Конференция олимлар, ўқитувчилар ва таълим соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларга ўз тадқиқотлари, лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда тажрибаларини алмашиш имконини беради.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu