“21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасалари педагоглари иштирокида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” республика танлови ўтказилмоқда.
Маълумки, танловнинг ҳудудий саралаш босқичлари 16-20 сентябрь кунлари ўтказилди ва бунда иштирокчилар вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан ташкил этилган махсус бот орқали рўйхатдан ўтиб, видео-тақдимотларини юборишди.
Бугун пойтахтимиздаги 191-мактабда танловнинг республика босқичига старт берилди. Унда ҳудудий босқичда ғолиб деб топилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларининг 2 нафардан она тили ва ўзбек тили фани ўқитувчилари иштирок этади.
Танлов ғолиблари эртага — 18-октябрь куни қуйидаги тартибда тақдирланади:
1-ўрин учун — “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” 1-даражали дипломи, 20 млн. сўм пул мукофоти;
2-ўрин учун — “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” 2-даражали дипломи, Моноблок;
3-ўрин учун — “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” 3-даражали дипломи, Ноутбук.
Маълумот учун: 17-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги 191- ва 196-мактабларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Ўзбек тили” ва “Она тили” фанларидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилмоқда.