Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилди.
2024-2025-ўқув йилидан бошлаб:
Вазирлик тизимидаги таълим ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилинади;
мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича “Виртуал касбий ривожлантириш” электрон дастури жорий этилади.
2025-йил 1-январдан бошлаб:
мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака ошириш курслари жорий қилинади;
барча умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш соати” ҳамда таянч умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш куни” босқичма-босқич жорий этилади.