Янги ўқув йилини самарали ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди

26 август 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида янги ўқув йилини самарали ташкил этиш ҳамда сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, масъул ходимлар ҳамда ҳудудий бошқарма бошлиқлари иштирок этди.

Даставвал, вазир Президентимиз томонидан эътироф этилиб, Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан тақдирланганларни ушбу ютуқ билан муборакбод этди.

Сўнгра кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб, “Салом боғча”, “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ва “Мустақиллик дарси”ни юқори савияда ўтказиш ишларини ташкил этиш, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган тавсия ва намунавий сценарийларга қатъий амал қилишни алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Йиғилишда қайд этилганидек, 2024-2025-ўқув йилида 1-синфга 719 минг нафардан ортиқ ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 663 минг нафардан ортиқ ариза қабул қилинган. Шу боис 1-синфга қабул жараёнларини тезлаштириш ҳамда тарғибот ишларини кучайтириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йил ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 12 номдаги “Президент совғалари”ни жойларга етказиш ҳар йилгидан барвақт бошланиб, ҳудудларга 100 фоиз етказиб берилди. Бу ишларни якуний қисмини ҳам юқори нотада тугатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, янги ўқув йилида дарсликлар билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ШТАБ ташкил этилганига тўхталиб ўтилди. Мактаб кутубхоналаридаги 1-11-синф дарсликларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва дарслик етишмовчилигини аниқлаб, қайта тақсимотни амалга ошириш бўйича масъулларга қатор топшириқлар берилди.

Жумладан, амалда мавжуд бўлган барча дарсликларни ўқувчиларга тарқатиш, етишмайдиган ва ортиқча дарсликларни аниқлаш ҳамда тезкорлик билан дарслик етишмаётган мактабларга дарсликларини етказиб бериш белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu