УЧИНЧИ “УСТОЗЛАР МИЛЛИЙ ФОРУМИ” 

15 август 2024 йил
image

Маълумки, юртимизда таълим сифатини ошириш ва тизимда инновацион ёндашувларни жорий қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Педагогларнинг касбий ривожланишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиш мана шундай тизимли ишлардан биридир.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тизимда ишлаётган ўқитувчиларни мунтазам тарзда янгиликлардан хабардор қилиш, илғор методикалар билан таништириш ва тажриба алмашиш мақсадида ўқув тренинглари ташкил этиб келинмоқда. Ҳар йили янги ўқув йили олдидан август ойида ўтказиладиган Устозлар миллий форуми ҳам шундай тадбирлардан биридир.

Мазкур форумдан кўзланган мақсад:

  • тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар,  таълим мазмунини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар билан таништириш,
  • ўқув режалар, ўқув дастурлар, дарсликлар, янги баҳолаш тизими, шунингдек, ўқув жараёнига татбиқ этиладиган илғор методикаларнинг  мазмун-моҳиятини соҳа ходимларига етказишдан иборат.

Бу йилги форум жараёнлари жорий йилнинг 15-16 август кунлари “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида Тошкент вилоятининг “Ренессанс” болалар оромгоҳида ташкил этилмоқда.

Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан 400 нафар илғор, ташаббускор, етакчи ўқитувчи ва тарбиячилар жалб этилади.

Тадбирда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида бугун тизимда бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йилнинг  1 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги 901-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мактабгача таълим ташкилотлари сони 37 548 тага (2023 йил 33 942 та), 3-7 ёшли болаларнинг қамраб олиш даражаси 74,6 фоизга (2023 - 74 фоиз), 6 ёшлиларни қамрови 93 фоизга етказилди.

Педагогларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришга қаратилган махсус платформа ишга туширилиб, 15 716 та илғор методикалар оммалаштирилди.

500 та мактабда ихтисослаштирилган мактабларининг баҳолаш тизими жорий этилиши натижасида ўзлаштириш 53 дан 59 фоизга ўсди.

Нуфузли ва минтақавий олимпиадаларда ўқувчиларимиз томонидан 2023-2024 ўқув йилида ҳозиргача жами 91 та медаль қўлга киритилди.

Шунингдек, Ал-Хоразмий номидаги ёш математиклар иккинчи халқаро олимпиадаси ва Бухоро шаҳрида Абу Али Ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси ўтказилди. Мазкур ютуқларнинг барчаси тизимли ишлар натижаси ҳисобланади.

Маълумот ўрнида: мазкур форум тадбирлари анъанавий тарзда каскад усулида 19-20 август саналарида вилоят миқёсида, 23-24 август саналарида туман (шаҳар)лар миқёсида, 27-30 август саналарида барча таълим муассасаларида ташкил этилиши режалаштирилган.

Форум доирасида хусусан қуйидаги мавзуларда тренинг машғулотлари ташкил этилади:

  • мактабгача таълим ташкилотларида тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишда тарбиячи-педагогларнинг роли,
  • дарсликларда қўлланилган илғор методикалар,
  • табиий фанларни ўқитишда 5E модели, жумладан, жалб қилиш (engagement), тадқиқ этиш (exploration), тушунтириш (explanation), қўллаш (elaboration), баҳолаш (evaluation),  аниқ фанларни ўқитишда MРТ – “моддий-расмли-тимсолли” (CPA – Concrete-Pictorial-Abstract) ёндашувларини амалиётга самарали татбиқ этиш;
  • ўқувчиларда 21 аср кўникмаларини ривожлантириш,
  • тадқиқотчилик, коммуникативлик, рақамли ва медиа саводхонлик, муаммони ҳал қилиш кўникмаларини ривожлантириш,
  • лойиҳага асосланган таълим, тадқиқотчиликка асосланган таълим, ўқувчига йўналтирилган таълим (Student-centered learning)ни ўқув жараёнига жорий этиш бўйича тренинглар бўлиб ўтди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu