Янги ўқув йилида 700 мингдан ортиқ 1-синф ўқувчилари “Президент совғалари” билан таъминланади

6 август 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 1-синф ўқувчиларига бериладиган "Президент совғалари" ни ҳудудларга жўнатиш ва янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган жараёнлар тарғиботига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

“Таъминот ва логистика хизмати” корхонаси ҳудудидан бошланган тадбирда вазирлик мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, педагоглар иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2024-2025-ўқув йилида республикадаги мавжуд 10 182 та умумтаълим мактабига 719 366 нафар мактаб ёшидаги болалар 1-синфга чиқиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 586 290 нафар (81,5%) ўқувчи қабул қилинди.

1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга 12 номдаги (портфель, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич) ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” берилиши кўзда тутилган. Ушбу ўқув қуроллари жорий йилнинг 10 августига қадар ҳудудларга, 20 августига қадар қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда барча мактабларга тўлиқ етказилади.

Ўқувчиларни ўз вақтида ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 1-синфга қабул қилинган ҳар бир ўқувчи электрон тизимга (adm.maktab.uz) киритиб борилмоқда.

Пресс-тур давомида айтиб ўтилганидек, янги ўқув йилида асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади. Шу мақсадда республикадаги 500 та мактабда тажриба-синов тариқасида жорий этилган Президент мактабларининг ўқитиш ва баҳолаш тизими янги ўқув йилидан бошлаб қўшимча тарзда яна 1 000 та мактабда жорий этилади.

Шунингдек, хориждаги чет тили мутахассисларини умумтаълим мактабларига жалб этиш давом эттирилади. Педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш учун “Касбий ривожлантириш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” жорий этилади. 

2024 йилда Давлат дастури асосида 608 та (30 та янги мактаб қуриш, 518 тасини реконструкция қилиш ва 60 тасини мукаммал таъмирлаш) мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида 180 мингдан ортиқ янги ўқувчи ўринлари яратилади, Шунингдек, 95 та янги спорт зали бинолари қурилади.

Йил якунига қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш кўрсаткичини 96 фоизга етказиш белгиланган.

Тадбир иштирокчилари пресс-тур давомида Тошкент шаҳридаги 126-мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда 204-сонли ДМТТ фаолияти билан яқиндан танишди.

Ушбу мактабга жорий йилда 175 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши кутилмоқда. Таълим сифати ва педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, сифат таркибини яхшилаш борасида алоҳида ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида ҳозирда мактабдаги малака тоифасига эга ўқитувчилар сони 14 нафарга ортди, 17 нафар ўқитувчи миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлишди.

Пойтахтимизнинг 204-сонли ДМТТдаги тарбияланувчилар фаолият марказларида амалий тадқиқотларни олиб боришлари учун барча шарт - шароитлар яратилган, уларга чуқурлаштирилган экологик таълим-тарбия берилади.

Болалар ўзлари учун яратган “Жажжи боғбон” йўлагида ўсимликларни асраш, уларни парвариш қилиш, уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўрганадилар, табиатга бўлган меҳр – муҳаббат туйғусини мустаҳкамлаб боради.

Пресс-тур давомида журналистларнинг мавзуга оид саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu