Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари малакасини оширишнинг яхлит тизими яратилади

2 июль 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш, “мактаб–ота-она–маҳалла” тизимини жорий этиш, янгича ўқитиш ва баҳолаш услубини қўшимча 1 000 та мактабда ташкил этиш, пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилаётган Марказий Осиё таълими форумига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, ўтган ҳафтада Давлатимиз раҳбарига таълими сифати ҳамда педагоглар малакасини ошириш, адолатли баҳолаш ва рағбат тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти қилинганлигини айтиб ўтди. 

Қайд этилганидек, таълим сифатини ошириш, энг аввало,  педагогларнинг билими ва малакаси билан чамбарчас боғлиқдир. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари малакасини оширишнинг ягона ва яхлит тизимини жорий этишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, вазирлик ҳузуридаги А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамда ҳудудларда Педагогик маҳорат марказлари ташкил этилмоқда. Бу эса белгиланган вазифаларни сифатли амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилишда айтилганидек, Давлатимиз раҳбарининг яна бир тегишли қарори асосида ўқувчи-ёшлар тарбиясининг илмий-методик таъминотини амалга ошириш ҳамда “мактаб–ота-она–маҳалла” тизимини самарали жорий этиш мақсадида Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил этилмоқда.

Институтнинг энг асосий вазифаси, янги тарбия методикаларини яратиш ва амалиётга жорий қилиш ҳисобланади. Шу сабабли институт фаолиятини самарали ташкил этиш, уни малакали педагог кадрлар билан таъминланиш борасида маъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Президентнинг Чусовитина ва Жалолов спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштиришга оид тегишли Фармони асосида ушбу мактаблар Спорт вазирлиги тизимидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2023-2024 ўқув йилида 500 та мактабда жорий этилган Президент ва ихтисослашган мактабларнинг ўқитиш ва баҳолаш тизими янги ўқув йилидан бошлаб қўшимча равишда яна 1 000 та мактабда жорий этилади. Бу борада вазирлик ва ҳудудий бошқармалар масъулларининг ахбороти тингланди ҳамда зарур топшириқлар берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 270 та мактабни вазирлик маблағлари ҳисобидан интерактив доска ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 365 та мактабни компьютер синфи ҳамда принтерлар билан таъминлаш, ҳудудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 294 та мактабни таъмирлаш бўйича мутасадди ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Айтиб ўтилганидек, жорий йилнинг 20-23 май кунлари Лондон шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон таълим форумида Ўзбекистонда илк бор таълими форумини ўтказиш таклифи билдирилганлиги ҳамда мазкур Форум жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шу сабабли Форумга таёргарлик ишларини ҳар томонлама пухта ва сифатли ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu