Бугун Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчилари учун илк маротаба “ИИИ Ренессанс бунёдкорлари” шиори остида Битирувчилар қурултойи бўлиб ўтди.
Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг таклифлари асосида таълим жараёнини такомиллаштириш, мактаб таълимидан кейинги фаолиятидаги тажрибаларини ўқувчиларга етказиш мақсадида ташкил этилган ушбу йирик маънавий-маърифий тадбирда мингдан зиёд битирувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова кириш сўзи билан очиб, Давлатимиз раҳбари томонидан барча жабҳаларда бўлгани каби таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, қурултойнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, битирувчиларга оқ йўл тилади.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Агентлик тизимида 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жорий ўқув йилида Президент мактабларини 319 нафар, ижод мактабларини 260 нафар, ихтисослаштирилган мактабларни 5 856 нафар ўқувчи тамомлаётган бўлса, ўтган ўқув йилида Президент мактабларини 326 нафар, ижод мактабларини 233 нафар, ихтисослаштирилган мактабларни 3 927 нафар ўқувчи тамомлаган.