Бугун пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Рехина Мария Кастильо, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, Сингапур Таълим вазирлиги масъул ходими Кҳаири Саллеҳудин Отман, Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти эксперти Чарлес Чю ҳамда қатор хорижий ташкилотлар вакиллари қатнашди.
“Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги 100 нафардан ортиқ танланган тажрибали мактаб директорлари ҳамда 300 нафарга яқин педагоглар иштирок этди.
Тадбирдан асосий мақсад, Ўзбекистонда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, кейинги йилларда мамлакатимизнинг халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастурлари рейтинги бўйича жаҳоннинг илғор мамлакатлари қаторига киришига эришишдан иборатдир.
Конференция доирасида Сингапур тажрибаси асосида мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни касбий ривожлантиришга доир илғор тажрибаларни алмашиш, ўқувчилар билими ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълимни рақамлаштириш бўйича соҳа мутахассисларининг мавжуд билимларини янада ошириш бўйича халқаро экспертларнинг маърузалари тингланди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Сингапур давлати таълимга оид нуфузли тадқиқотлар натижаларига кўра дунёда етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, таълимга сармоя киритиш, инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратиш орқали мамлакат тараққиётига эришган давлат сифатида эътироф этилади.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мамлакатдаги мактаб директорлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, мактаблар ўқув дастурини такомиллаштириш ҳамда унга рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Конференциянинг мантиқий ва узвий давоми сифатида Сингапурлик экспертлар томонидан жорий йил 10-14 июнь кунлари мактаб директорлари ҳамда 8-12 июль кунлари математик ва табиий-илмий саводхонликни ривожлантириш йўналишлари бўйича тренинглар олиб борилади.
Унда 400 нафардан ортиқ мутахассислар учун касбий ривожлантириш, соҳадаги янгиликларни бўлишиш, ўз фаолияти давомида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тажрибалар ўргатилади. Натижада, тренингда қатнашган мактаб раҳбарларини “Менежерлар”, математика ва табиий фанлар бўйича устозларни “Мастер тренерлар” сифатида махсус тайёргарликдан ўтказилади.
Жорий йил август ойидан бошлаб мазкур тренингларда қатнашган 400 нафарга яқин мактаб директорлари (менежерлар), математика ва табиий фанлар ўқитувчилари (мастер-тренерлар) салоҳиятидан фойдаланган ҳолда мамлакатимиз бўйлаб ҳудудлар, туман ва шаҳарлар ва мактаблар даражасида каскад усулида тренинглар давом эттирилади.