Битирув имтиҳонларини очиқ ва шаффоф ўтказиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди

28 май 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова раҳбарлигида битирувчи синф ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси ҳамда ёз мавсумида ўқувчиларни мароқли ҳордиқ чиқариш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, “1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” байрами ҳамда “Хайр боғча – салом мактаб” тадбирларини ташкил этиш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, жорий йилда мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг 9-синфини 592 минг нафардан ортиқ, 11-синфини 400 минг нафарга яқин ўқувчилар битираётганлиги, ушбу ўқувчилар иштирокидаги якуний давлат аттестацияси имтиҳонларини тизимли ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Вазирлик масъулларига битирув имтиҳонларини тартибли, очиқ ва шаффоф ўтказиши бўйича барча зарур чораларни кўриш вазифалари юклатилди.

Йиғилишда ёз мавсумида ўқувчиларни мароқли ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ишларига ҳам тўхталиб ўтилди. Айтилганидек, жорий йилда вазирлик тизимидаги 32 та оромгоҳга 9 минг нафар болалар қамраб олиниши режалаштирилган. Шу боис ишлаб чиқилган 12 кунлик намунавий дастур асосида режалаштирилаётган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, оромгоҳлардаги кутубхоналарни зарур адабиётлар билан таъминлаш, тўгарак ишларини тўғри йўналтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, “1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” шиори остида байрам ҳафталиги ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш, бунда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларини кенгроқ қамраб олиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда барча ҳудудларда ўтказилаётган анъанавий “Хайр боғча – салом мактаб” тадбирларини намунали ташкил этишга доир муҳим масалалар ҳам муҳокама этилди. Хусусан, жорий йилнинг 30 май куни Хоразм вилоятида бўлиб ўтиши режалаштирилган марказий байрам дастурини ўтказишга доир муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu