2024 йил 1 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фаолиятининг 2023-йилги якуний сарҳисоби ҳамда жорий йилда вазирлик тизимидаги педагогларни аттестациядан ўтказиш жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Раджабов, вазир маслаҳатчиси Азизбек Турдиев ҳамда вазирлик масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, 2023-йилда мактабгача ва мактаб таълими тизими фаолиятига оид жами 20 та қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
2024 йил 1 январ ҳолатига кўра, мактабгача таълим ташкилотлари сони
33 942 тага етказилди. 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов қамрови 93 фоизга етказилди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида 7 100 ўринли 71 та, оилавий шаклда 116 998 ўринли 4 402 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.
МЕЛҚО баҳолаш тизими асосида Республиканинг 100 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари танлаб олиниб, баҳолаш ўтказилди.
6 598 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 92 та педагогика коллежларига 36 номдаги ўқув-методик адабиётлар ва дидактик материаллар етказиб берилди.
Республикадаги барча (100 фоиз) давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар учун ягона мавсумий таомнома жорий этилди.
Мактаблар сони 10 163 тага, ўқувчилар сони 6 476 091 нафарга етди. 37 та мактаб филиалларига умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилди. Мактабларнинг
1-синфига 689 726 нафар болалар қабул қилинди. 974 778 нафар битирувчига (9- ва 11-синф) электрон шаҳодатнома берилди, 11-синф битирувчиларининг 11 879 нафари олтин медал ва 2 050 нафари кумуш медал билан тақдирланди.
Мактаб битирувчиларнинг ОТМга киришдаги ўртача бали 77,1 баллга етказилди (2022-й. — 76,3), шундан 77 фоиз (2022-й. — 70) давлат гранти ўринларини жорий йил битирувчилари эгаллади.
Масофадан ёки “бир дарча” тамойили асосида давлат хизматлари жорий этилиши (кенгайтирилиши) натижасида:
974 778 нафар битирувчига (9- ва 11-синф) электрон шаҳодатнома берилди (янги хизмат), 75 193 нафар ўқувчи мактабдан-мактабга кўчирилди (янги хизмат), 54 772 нафар фуқарога шаҳодатнома дубликати берилди (2022-й. – 22 812), 1-синфга ўқувчиларни масофадан қабул қилиш тизими 1 160 та мактабга татбиқ этилди (2022-й. – 823 та).
500 та мактабда Президент мактабларининг баҳолаш тизими, 135 та мактабда танлов фанлари жорий этилди. “Қизил” тоифага киритилган мактаблар сони 1 526 тадан 404 та камайди. Нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 449 тага етказилди.
5 та энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида жами 13 та медал, бошқа халқаро олимпиадаларда 52 та медал қўлга киритилди. Ўзбекистон 2026-йилда энг нуфузли Халқаро кимё ва Халқаро информатика олимпиадаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритилди.
Мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассислар жалб этилди. Буюк Британиянинг Портсмут университетида жорий йилнинг ноябр ойида 30 нафар мактаб директори малакаси оширилди. Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти раислиги доирасида 7-“Таълим вазирлари учрашуви” бўлиб ўтди.
Узоқ муддат (гематология, онкология, клиник иммунология касаллиги бўйича) даволанишга муҳтож бўлган болалар учун 3 та ҳудудда (2022-й. — 1) “Меҳрли мактаб” фаолияти йўлга қўйилиб, 1 172 нафар болалар таълим-тарбия билан қамраб олинди.
Мактабларда 1-11-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш бўйича янги “Касбга йўналтириш тизими” жорий этилди.
Ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан, жами 208 та мактабда 17 082 нафар (8 454 нафари қизлар, 49,5 фоиз) 10-синф ўқувчиларига 3 та йўналишда касб-ҳунар ўргатиш жорий этилди.
Биринчи Марказий Осиё халқаро эко-оромгоҳи ташкил этилди. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон профессионал таълим тизимида ислоҳотлар ва замонавийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
500,4 минг нафар педагогларнинг (226,4 минг нафари офлайн, 229,4 минг нафари онлайн) малакаси оширилди. Малака сертификатига эга ўқитувчилар сони 37 844 нафар (шундан 32 843 нафари юқори даражадаги сертификатга эга)ни ташкил этади.
Наманган вилоятида Ўзбекистонда илк маротаба “Болалар сайёҳлик” базаси очилди.
563 та мактабда қуриш-таъмирлаш амалга оширилди ва қўшимча 118,6 мингта янги ўқув ўринлари яратилди. Мавжуд 114,8 минг ўринли бинолар мукаммал таъмирланди. Мазкур мақсадлар учун 3,0 трл. сўмга яқин маблағлар йўналтирилди.
1 797 та таълим муассасаларига қайта тикланувчи қуёш электр панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди. Ичимлик суви ташиб келтириладиган 53 та умумтаълим мактаблари узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Бу йил республика миқёсида вазирлик тизимидаги 83 та таълим муассасаларида ПИСА, 210 та таълим муассасаларида эса ТАЛИС тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирда жорий йилда мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагогларини аттестациядан ўтказиш жараёнлари хусусида ҳам сўз борди.
Таъкидланганидек, 2024 йил 1 январдан бошлаб ўқитувчиларга тоифа бериш бевосита мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Вазирликнинг ўз тизимидаги таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиши, мазкур тизимга замонавий ва креатив баҳолаш усуллари ва методикаларининг татбиқ этилишига, педагогларнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, шунингдек педагогик маҳоратини аниқлашнинг вариатив технологияларини синаб кўриш имкониятини беради.
Малака тоифасини олиш бўйича синовлар бир йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ва 100 баллик тизимда баҳоланади. Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси (80 балл), иккинчи босқичда – педагогик маҳоратини (20 балл) баҳолаш тартиби жорий қилинмоқда.
Ҳар иккала босқич ҳам компютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Биринчи босқичда педагогларнинг мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари, иккинчи босқичида эса педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади. Тоифа бериш жараёнларига ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили минималлаштирилган.
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида жами 525 минг 737 нафар педагоглар фаолият юритмоқда. Уларнинг 53 минг 914 нафари (10,3 фоизи) – олий, 101 минг 751 нафари (19,4 фоизи) – биринчи, 126 минг 759 нафари (24,1 фоизи) – иккинчи малака тоифали, 177 минг 122 нафари (33,7 фоизи) – мутахассис лавозимига эга, 66 минг 191 нафари (12,6 фоизи) – тоифасиз (ўрта махсус маълумотли).
2025 йил 1 январга қадар малака тоифаларини бериш тизимини ваколатли хорижий ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтказиш орқали педагог кадрларга халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда, халқаро стандартлар асосида малака сертификатини олган педагог кадрларга тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига нисбатан 70 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.
Ҳозирда педагогларга малака тоифасини беришнинг янги тартиби ва педкадр.узеду.уз - электрон платформаси ишлаб чиқилди.
Соҳа мутахассислари, олимлар ва амалиётчи педагогларни жалб қилган ҳолда малака синовлари формати (фан мазмуни, таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри) баҳолаш мезонлари ишлаб тестологи меъёрлари асосида ишлаб чиқилди.
Белгиланган мезонлари асосида 42 та фандан учта тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ) 30 мингга яқин назорат синов материллари тайёрланди.
Бугунги кунда аттестацияда иштирок этиш учун 243 минг 541 нафар педагоглар онлайн ариза топшириб, уларнинг 202 минг нафаридан ортиғи иштирок этиши кутилмоқда.
Тоифа беришнинг янги тизимини ишлаб чиқишда қатор, хусусан БАА, Сингапур, Россия, Эстония, Белоруссия, Буюк Британия, Германия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Финландия, Гонконг, Ҳиндистон каби хорижий давлатлар иш тажрибаси ўрганиб чиқилди.
Малака синовлари жорий йилнинг 15-апрелидан бошланиши режалаштирилган бўлиб апрел-май ойларида барча ҳудудларда ўтказилади. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган таълим ташкилотлари, бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида компютер хоналари ва 1 900 та компютер тайёр ҳолатга келтирилди. Аттестация натижалари ҚР-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Аттестация натижасига кўра педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун УзАСБО ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.
Тадбир сўнггида журналистларнинг мавзуга оид саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.