Ўқувчиларнинг дарслардаги иштироки ва таълим-тарбияси ота-оналар ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилади

9 февраль 2024 йил
image

Аввал хабар қилинганидек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилди.

Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Миллий гвардия ҳамкорлигида махсус Ишчи гуруҳ тузилди ҳамда бу борада келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.

Хусусан, эндиликда ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокидаги “мактаб — ота-она — маҳалла” ҳамкорлиги узвий ташкил этилади. 

Шу мақсадда ўқувчиларнинг дарсда иштирок этиш кўрсаткичлари ҳаққонийлигини таъминлаш учун e.maktab электрон кундаликка ўқитувчилар ва синф раҳбарлари томонидан ўз вақтида қайдлар киритиб борилади.

Юртимиздаги мактабларга ота-оналарга юбориладиган “Огоҳлантириш хати” намуналари етказилган бўлиб, бу орқали дарсда иштирок этмаётган ўқувчиларнинг оила аъзоларининг масъулияти ва жавобгарлиги ҳам оширилади.

Эндиликда мактаб масъуллари томонидан шу намунадаги “Огоҳлантириш хати” тезкор равишда ўқувчиларнинг яшаш манзилларига етказилади.


Бунда ота-оналарнинг ўз фарзандларини мактабга боришларини таъминлаш масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасининг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилган. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун ҳар бир мактабга Миллий гвардия офицерлари бириктирилди.

Ҳафтада камида бир маротаба Миллий гаврадия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари иштирокида болаларнинг маънавияти, тарбияси ва давомати бўйича маҳалла раисларининг ота-оналар билан учрашувлар ўтказиш амалиёти жорий этилмоқда.

Жумладан, ўқувчиларнинг дарсда мунтазам иштирокини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун тўгарак ва машғулотларни кўпайтириш, ушбу жараёнларга ота-оналар ва ҳудуддаги фаол фуқароларни кенг жалб этиш бўйича аниқ вазифалар амалга оширилади.

Мазкур вазифалар ижроси бўйича ўтган уч кун давомида Миллий гвардия билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор чоралар натижасида 1000 дан ортиқ мактабларда ўқувчилар давомати ўрганилди. Сурункали ёки мунтазам дарс қолдираётган 451 нафар ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши таъминланди.

Айни вақтда мазкур ишлар ижроси бўйича Андижон вилоятидаги мактбаларда масъул вазирлик ва ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu