Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
таълим соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим ташкилотларида ўқув жараёнлари ва хизматлар кўрсатишни янги тамойиллар асосида ташкил этиш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида давлат муассасаси шаклида "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси ташкил этилди.
Лойиҳа офисининг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:
таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш;
халқаро ташкилотлар, молия институтлари, консалтинг компаниялари ва мутахассисларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш;
етакчи экспертлар, консультантлар, маслаҳатчилар ва жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
таълим турлари ва даражалари ўртасида узвийликни ва узлуксизликни таъминлаш, давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолиятини йўлга қўйиш;
таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини шакллантириш, ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишда вазирлик ва идораларга х,ар томонлама кўмаклашиш;
таълим сифатини назорат қилиш йўналишида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий ва халқаро баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш.
Лойиҳа офиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг тизимидаги муассасалар, нодавлат таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассисларини шартнома асосида Лойиҳа офиси фаолиятига жалб қилиш;
ишлаб чиқилган лойиҳаларни таълим ташкилоти, туман (шаҳар) ёки ҳудуд мисолида тажриба-синовдан ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг электрон ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш.
Қарорнинг тўлиқ матни