Сайт тест режимида ишламоқда

500 та мактабда янги баҳолаш имтиҳонлари ўтказилди. Янги тизимнинг афзалликлари нимада?

26 декабрь 2023 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 500 та умумтаълим мактабида ЧСБ (чораклик сумматив баҳолаш) имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унда мазкур мактаб ўқувчиларининг иккинчи чорак якуний билимлари янги баҳолаш тизими орқали синалди.

Айтиш лозимки, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларининг баҳолаш (сумматив баҳолаш) тизими 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб республикадаги 500 та мактабларда жорий этилди.

Бир муддат олдин барча умумтаълим мактабларида якунига етган ЧСБ (чораклик сумматив баҳолаш) имтиҳонлари мос равишда икки сменада ҳамда ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида ташкил этилди.

Бунда ўқувчилар чораклик давомида олган билимларини тегишли фанларга оид берилган тест саволларига тўғри жавобни белгилаш орқали синовдан ўтказди. Бунинг учун мактабларга тест саволлари китобчалари ва жавоблар варағи тўлиқ етказиб берилди.

Имтиҳон жараёнлари вазирлик ҳамда соҳадаги тегишли мутахассислар томонидан кузатиб борилди.

Маълумот учун: янги баҳолаш тизими икки турга — сумматив ва форматив баҳолаш тизимига бўлинади.

Сумматив баҳолаш - маълум даврда ёки маълум боб юзасидан берилган билимларнинг даражасини аниқлашга қаратилган бўлади. Яъни, бунда ўқитувчи муайян миқдорда мавзуларни қамраб олган бобни ўқувчига етказиб бергач, ўқувчиларнинг ушбу боб юзасидан олган билимлари аниқланади.

Мазкур тизим ўқувчини доимий равишда ўз устида ишлашга, ўтган мавзуларни такрорлаб боришга ундайди.

Форматив баҳолаш – бунда ўқувчи дарс жараёнида баҳоланиб борилаверади. Мазкур баҳолаш тизимининг асл моҳияти, у ўқувчи билимини эмас, ўқитувчи ўзининг дарсини баҳолаши ва унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мақсадида жорий қилинган.

Бу муҳим! Ҳозирга қадар амалда бўлиб келган мавжуд баҳолаш тизимида объективлик доима энг катта муаммолардан бири бўлиб келган. Бунга тизимнинг деярли 90 фоизи инсон омилига асосланганлигидадир.

Аниқроқ айтганда, ўқувчи билимига қўйилган баҳо биргина ўқитувчининг муносабатидан келиб чиқиб белгиланган. Янгича баҳолаш тизимида эса инсон омилини минималлаштириш кўзда тутилади.

Мазкур тизим жорий қилинишдан олдин мутахассислар томонидан кўплаб халқаро тажрибалар, хусусан Европа, Осиё ҳамда Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россия, Туркия мамлакатлари тажрибалари, Кембриж дастурининг баҳолаш тизими яқиндан ўрганилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu