Сайт тест режимида ишламоқда

“Президент совғаси” карвони йўлга тушди

25 декабрь 2023 йил
image

Бугун “Президент совғаси”ни қадоқлаш, ҳудудларга жўнатиш жараёнларига доир тадбир бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, анънавий тарзда ҳар йили Янги йил байрами олдидан ўтказиб келинаётган, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун “Президент арчаси” тадбири ўтказиб келинади.

2023 йилги “Президент арчаси” тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 24 ноябрдаги тегишли мажлис баёнига асосан, Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллалари, болалар уйлари ва “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйлари тарбияланувчилари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган етим ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилаларнинг 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалари ҳамда “Меҳрли мактаб” ўқувчилари учун умумий ҳисобда 11 000 дона “Президент совғаси” тайёрланди.

“Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги,

17 турдаги ширинликлар, 2 номдаги канцелярия маҳсулотлари, смарт соат, дартс магнит тахтаси ва бошқа совғалар киритилган.

Шунингдек, 12 ёшдан катта 1600 нафар тарбияланувчилар совғалари таркибига планшетлар ҳам киритилган.

“Президент совғаси” мамлакатимизнинг 10 та ҳудудига, хусусан:

Қорақалпоғистон Республикаси;

Хоразм вилояти;

Бухоро вилояти;

Навоий вилояти;

Сурхондарё вилояти;

Қашқадарё вилояти;

Самарқанд вилояти;

Андижон вилояти;

Фарғона вилояти;

Наманган вилоятига “Uzbekistan Airways” АЖ самолётлари орқали,

Сирдарё вилояти;

Жиззах вилояти;

Тошкент вилояти;

Тошкент шаҳрига ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг кузатуви остида автотранспорт воситалари орқали етказилади.

Маълумот учун: болажонларимизнинг Янги йил байрамида муносиб дам олишлари учун “Томоша” болалар мусиқий театр-студияси томонидан саҳналаштирилган байрам дастури ва театр томошаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Yoshlar” телеканали ҳамда “ZO`R TV” телеканали томонидан “Томоша” болалар мусиқий театр-студияси биносида тасвирга олинади.

Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллалари, болалар уйлари ва “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйлари тарбияланувчилари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган етим болалар ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилалар фарзандларига “Президент совғаси” ҳудудий ҳокимликлар иштирокида жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари тантанали тарзда топширилади.

Тадбир давомида журналистларнинг мавзуга доир саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu