Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2023” касбий кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлган иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов ғолиблари олтита номинация “Энг яхши методист”, “Энг яхши фидокор тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, “Энг яхши маънавий камолотга етакловчи тарбиячи” бўйича аниқланди.
Августда бўлиб ўтган кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичида жами 9 146 нафар давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган юқори малакали методист ва тарбиячилар иштирок этди. Шундан 912 нафари вилоят босқичига йўлланма олишган. Танловнинг республика босқичига жами 82 нафар иштирокчи йўлланма олиб, ғолибликни қўлга киритиш учун ўзаро беллашди.
20-21-сентябрь кунлари ўтказилган танловнинг республика босқичида иштирокчилар қуйидаги 3 та шарт асосида беллашди:
1-шарт – иштирокчиларнинг лойиҳа тақдимотларининг баҳоланиши;
2-шарт – машғулот ишланмасини тайёрлаш;
3-шарт – тест топшириғи.
Шундан, 6 та номинация бўйича 18 нафар иштирокчи И, ИИ, ИИИ ўринларни эгаллади.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар ҳамда қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланди:
I ўрин - 12 млн. сўм;
II ўрин - 8 млн. сўм;
III ўрин - 5 млн. сўм.
Шунингдек, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, “Энг яхши маънавий камолотга етакловчи тарбиячи” номинацияларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга давлат гранти асосида олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун йўлланма берилди.